Нуриддин Исмоилов асари: “Жосуснинг ўғли” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Жосуснинг ўғли” (3-қисм)

Бугун Собир бозорда шунчаки санғиб юрибди. Таниганлар ўзларини кўрмаганга олишаяпти. Ҳатто саломлашиб қўйишдан ўзларини олиб қочишяпти. «Мен пес ва ёки мохов бўлсам керак. Касалим уларга юқиб қолса керак, шунинг учун ҳамма ўзини олиб қочаяпти», дея кўнглидан ўтказди Собир ва бозорга келганига афсус қилиб, энди уйига кетмоқчи бўлганида, бир йигит қўрқмай ёнига келди.

— Ассалому алайкум, Собир ака, — деди.

Собир унга бошдан-оёқ қараб олди. Соқолини бирор ҳафта олмаган. Жинси шим, оқ кроссовка кийган, эгнида футболка. Сочи жингалак.

Унинг саломига алик олди.

— Мени танимадингиз-а? — сўради йигит иржайиб.

— Йўқ!..

— Ўртақўрғонданман. Сизни жуда яхши танийман. Бозорга келганингизни акалар эшитишибди. Шунга чақириб кел, бир қўлини олайлик, дейишди.

— Ким экан у акалар? — сўради Собир пешонасини тириштириб.

— Борсангиз, ўзингиз танишиб оласиз.

— Танимайдиган одамларимнинг ёнига бормайман…

— Улар сизни яхши танишади. Яхши одамлар. Гаплари ерда қолмайдиган одамлар. Бормайман, деганингизни эшитишса, хафа бўлишади.

— Нима бўлибди шунга?

— Кейин мени хафа қилишади. Яхшилаб айтмагансан, дейишади. Ҳозир калла гўштини пиширишаяпти, қозонга менинг ҳам жағимни солишади-да.

— Яхши-ку, бир маза қилишаркан…

— Уларга яхши-ку-я, лекин менга ёмон-да, ака. Ўлигимни шундай дарёга ташлаб юборишади. Сизнинг бормаганингиз, мана, мени нима аҳволга солади.

У мутлақо ёлғон гапираётганини, атайлабдан қитиқ-патига тегаётганини Собир жуда яхши билиб турарди. Бироқ билгиси келди. Кўргиси келди ўзи билан қизиқаётган одамни…

Аслида, Собир билан бировнинг кўришишга кўзи учиб турмаганди. Айниқса, умрини зўравонлик, ўғирликка, қизларни олиб қочишга сарфлаётган Азаматга.

Унга буюрилди. Собир Маткарим билан гаплашиб, уйига кетгач, майор ходимларидан бирига Азамат каззобни топиб келишни буюрди.

Азамат майор Маткарим сўроқлаётганини эшитиши билан чўчиб тушди. «Падарингга лаънати,  куни кеча бозорқўмнинг укасининг уйида талончилик қилганимни кимдан эшитибди? — дея кўнглидан ўтказди. — Ишни хамирдан қил суғургандай бажаргандим. Бозорқўм мендан баттар ўғри. Ўғирликни очиқча қилади у. Бозордан тушган пулларнинг ўндан бирини касса қилдиради. Икки қисмини Тошматга, бир қисмини Эшматга, яна бир қисмини Ғишматга беради-да, қолганини кистасига уради. Унинг ўта кетган садоқатли укаси бор. Бозорқўмнинг ҳамма пулини у уйида сақлайди. Мен шуни билиб қолдим. Кейин шотирларим билан секингина ўрганишга тушдим. Ҳамма нарсани билдим, сўнг кечаси соат роппа-роса ўн иккида уйига бостириб кирдим. Юзимга ниқоб-пиқоб таққаним йўқ. Керакмас ҳам, чунки бозорқўмнинг укаси оҳ-воҳ қилолмайди. Агар шундай қилса, ўзининг ҳамма сирлари очилиб қолади. Тўғрироғи, акаси иккаласиники. Шунинг учун уйига кирганимдан кейин бўйнига пичоқ тирадим-да, олиб чиқ ҳамма нарсани, дедим. Унгаям жон ширин, билишимча, пули кўплар кўпроқ қўрқоқ бўлишаркан. Чумчуқ пир этса, уларнинг ичлари шир этаркан. Йигит — иккита боланинг отаси Эсонбой қўрққанидан бир қоп пул олиб чиқиб берди. Мен уларнинг пуллари бунчалик кўп деб ўйламагандим. Кўзим олайиб кетди. Довдираб қолдим ва ўлжани орқалаб чиқиб кетдим.

Йигитларим эртасига мелисахонадан хабар олишди. Уларга ҳеч қанақа босқинчилик тўғрисида шикоят келиб тушмабди. Кўнглим бирдан тоғдай кўтарилди ва шотирларимни йиғиб бир «ҳақ» берай деб турганимда, Маткаримдан «элчи» келиб турибди».

Ўшанда Азаматнинг ичи шув этиб кетди. Бир хаёл секингина жуфтакни ростлаб қолмоқчи бўлди. Ахир ўз оёғи билан бориб тузоққа илинмайди-ку.

Аммо эсига Маткаримнинг гаплари тушди. «Агар менинг чизган чизиғимдан чиқмасанг, нима десам хўп деб бажарсанг, биров мушугингни пишт демайди. Билганингни қилиб юраверасан», деган эди у охирги марта кўришганларида.

Ўшандан сўнг Азамат икки марта шотирларидан Маткаримнинг уйига совға-салом юборди. Хотини олиб қолибди…

Ушбу гаплар Азаматга далда бўлди ва у кўкрагини кериб Маткаримнинг хонасига кириб борди.

Маткарим қовоғини осилтириб уни кутиб олди. Сўнг бу қилаётгани расмиятчилик эканини билдириш учун кўзини қисиб қўйди.

— Менга қара, сенга битта иш чиқиб қолди, — деди Азамат столга ўтириши билан.

— Бош устига, нима десангиз, қулоғимни қимирлатмай бажараман, — дея тиржайди Азамат.

— Собирни биласан-а!

— Қайси Собир? — сўради Азамат ўсмоқчилаб.

— Қаҳрамон!.. Ҳамма танийдиган.

— Хўш?..

— Шуни ишкалга аралаштирасан.

— Қанақа ишкалга?..

— Онангнинг ишкалига! — дея бақириб юборди Маткарим. — Ниманинг ичида юрасан ўзи, ифлос?! Ўзингни аҳмоқликка солишингга бало борми?

— Йўқ, хўжайин, ундаймас. Фақат унга тишим ўтармикан?..

— Ўтади. Мен тишларингни чархлаб қўйсам ўтади.

— У бировнинг йўлини тўсиб чўнтагини шилмайди-да. Каттароқ ишкаллар эса менинг калламга келмайди.

— Бошқача қиласан. У икки дунёда ҳам сенинг айтганингни қилмаслигини яхши биламан. Чунки ҳаромхўрмас. Қайтанга сенинг ифлосликларингни кўриб қолса, каллангни пачақлаб ташлаши мумкин. Ишкал бошқача бўлади. У билан можаро уюштирасан…

— Каттакон, мен у биттада йигирмадан зиёд одамни «тахлаб» кетади, деб эшитганман.

— Бўлса бордир, лекин сен уни тўрга илинтирасан. Шотирларингними, ўзингними бир мушт уриши керак у…

— Кейин-чи, хўжайин?!

— Гапимни бўлма, ифлос. Мен сенинг гўрдан чиққан хўжайинингманми? Бирга ўғирлик қилмаган бўлсам…

— Ҳа, энди, командир, шундай дейилади-да.

— Қисқаси, гап бундай. Сен шотирларинг билан бирга унинг жиғига тегасан. У сенларни чўзиб ташлайди, бошқа ёқда эса битта шотиринг ҳаммасини расмга олади…

— Эй, брат, шундай демайсизми? Мен бундай ишларни қойиллатиб ташлайман.

— Гап орамизда қолсин. Агар сенга айтганларимнинг кичкина бир учқунчасини бирор жойда эшитиб қолсам, терингни шилиб оламан. Делонг қанчалик семизлигини биласанми?..

— Кўнгилни хотиржам қилаверинг. Мен қумдай бир одамман. Эшитганларим шундай ичимга кириб кетади-да, қайтиб чиқмайди.

— Энди қорангни ўчир…

— Хўп, — деди Азамат қўлини кўксига қўйиб ва ўрнидан турди…

Аслида, режа Маткаримники эмас эди. Эшмирза унга шундай қилишни ўргатганди. Эшмирза бегона эмас. Бундан беш йилча олдин Маткаримнинг ўрнида бошлиқ бўлган. Эшмирза унинг тоғаси. Эшмирза Маткаримни Маткарим қилган одам.

Маткарим уникига борди. Собирнинг устидан ёзғирди. «Жуда хавфли. Орқасидан пойлоқчи қўйдим. Сезибди. Келиб, итваччаларингни йиғиштириб ол, деди. Кейин у бир балони қилса, мен ҳеч қачон исботлаб беролмайман. Чунки у махсус хизматларда бўлган. Жосуслик қилган. Керак бўлса, ўзига ўхшаганларнинг олдиларига «похол» тўшаб кетган. Кўзлари ёнади. Нима қилай?» деди.

Эшмирза дарров жавоб бермади.

— Ишингни қўйиб тур, битта яхши улфат топиб, обдан шакаргуфторлик қилгим келаётганди. Бозорга бориб қўй гўштидан олиб ҳам келдим. Лекин ҳеч кимни чақирмадим. Кимнинг ризқи бўлса, ўзи оёғи билан келади, дедим…

— Тоға, — дея кўксига қўлини қўйди Маткарим.

— Ҳа, шундай. Сенинг ризқинг бор экан. Битта-битта олайлик, кейин мен янгангга гўштни ёққа ташлашни буюраман, — деди Эшмирза.

Улар битта-битта «олишди». Кейин Эшмирза бориб, хотинига гўшт қовуришни айтиб келди. Сўнг:

— Менга қара, унақа бош оғриқларнинг жойи зона. Битта ишни бўйнига ил-да, тиқиб юбор. Ана ундан кейин хотиржам бўласан. Йўқса, юриш-туришингда ҳаловат бўлмайди. Ҳатто эрталаб уйқудан кўзингни очганингда, биринчи бўлиб хаёлингга ўша ишкалчи келади… Собир ҳозирча бировга ёмонлик қилмади, аммо уни бутун бошли катта давлат, ССРИга қарши тургани эсингдан чиқмасин, — деб Эшмирза яна пиёлаларни тўлдирди.

Улар сипқоришди. Ана шундан кейин Эшмирза гапининг давомини айтди. Тўғрироғи, олдинига елкасига уриб қўйди, сўнг сўзлади. — Мен улар билан гаплашдим. Аслини олганда, Собирга ўхшаган жосуслар иш битганидан кейин ўлдириларкан. Чунки улар ҳаддан кўп нарсани билишади. Бирда бўлмаса, бирда оғзидан билганларининг кичкинагина бир бўлакчаси чиқиб кетса ҳам давлатни ҳамма ёққа шарманда қилади. ССРИнинг йўқ бўлганига ҳам икки йилдан ошди. Энди унинг гапларининг, сирларининг аҳамияти йўқ. Аммо, барибир, унинг ўзи хавфли. Ҳеч бўлмаганда, у сенга ўхшаганларни менсимасдан обрўларингни бир пул қилади.

— Ўзи, аслида, ниятим ҳам шу эди. Сизнинг ёнингизга келаётганимда шуни ўйлагандим. Фақат тасдиқлатиб олишим қолганди.

— Мана, тасдиқланди. Энди ол, пиёлангни тўлдириб қўйдим…

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

‼️ Диққат! Диққат!

🟢 Муҳтарам мухлислар!

❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Саҳро арслони” китоби онлайн сотувга чиқди!

🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/05/23/nuriddin-ismoilov-asari-sahro-arsloni-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.

🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.

Дўстларингизга ҳам юборинг: