Ўзбекистон ва Хитой ўртасида тиббий туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилади

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида тиббий туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилади

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида туризм алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки томонлама сайёҳлар алмашинувини ошириш ва бу борада мамлакатимизда ривож топиб бораётган туризмнинг янги йўналишлари имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича кенг кўламдаги ҳамкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, Тиббиёт ва соғломлаштириш туризмини уйғунликда ривожлантириш ҳамда бунда чет элдан даволанишга келганлар улушини каррасига ошириш аҳамиятлидир. Аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббий-санитар ёрдам кўрсатиш, турли хил, айниқса сурункали касалликлар профилактикасида ва уларни даволашда сифат, хавфсизлик ва самарадорлик жиҳатидан амалда синалган халқ табобати муҳим ўрин тутади.

Шу боисдан халқ табобати ривож топган Хитой давалти билан ҳамколрликда ишлаш ва бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда мамлакатимизга даволаниш мақсадида келаётганларга сифатли хизмат кўрсатиш бўйича Хитой тажрибасидан фойдаланиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда.

Бугун, 6 июнь куни Тошкент шаҳрида Хитой (Циан) – Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда анъанавий Хитой табобати соҳасида ҳамкорлик бўйича конференция ташкил этилди.

Унда Хитойнинг Циан шаҳри марказий кометити раҳбари ўринбосари Ванг Живеи, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика халқ табобати илмий-амалий маркази раҳбари Жамшид Мирраҳимов, шунингдек, Туризм қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда қатор манфаатдор ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

«Ўзбекистоннинг тиббиёт туризмини ривожлантириш борасида эришаётган натижалари бизни ҳайратлантирмоқда. Маҳаллий аҳоли ва хорижлик талабгорлар учун ўз соғлиғи ҳақида ғамхўрлик қилиш борасида онгли танлов учун имкониятлар яратишда халқ табобатининг салоҳиятидан фойдаланиш жуда муҳим. Бу борада анъанавий Хитой табобати соҳасида ҳудудий ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олдик. Эндиликда икки томонлама тажрибалар алмашишда қатор лойиҳаларни амалга оширамиз», деб айтиб ўтди Хитойнинг Циан шаҳри марказий кометити раҳбари ўринбосари Ванг Живеи.

Тадбир якунида Хитой (Циан) – Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда анъанавий Хитой табобати соҳасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.

Маълумот учун, мамлакатимиздаги 86 та санаторий ва тиббий муассасаларда ўтган йили 60 мингдан зиёд хорижий турист даволанди. Бу кўрсаткични жорий йилнинг якунига қадар бир баробарга ошириш мақсад қилинган. Эслатиб ўтамиз, эндиликда хусусий клиникаларнинг халқаро стандарт олиш, хорижий кўргазмада қатнашиш харажатлари буджетдан қопланади. Клиникаларга келган чет элликлар учун қўшилган қиймат солиғи қайтарилади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: