Boeing ва Airbus самолётларида сохта сертификатланган қисмлар ишлатилган
Boeing ва Airbus компанияларининг баъзи самолётлари сохта мувофиқлик сертификатига эга бўлган титан компонентлари билан жиҳозланган. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.
Қайд қилинишича, Қўшма Штатларда бунинг парвозлар хавфсизлиги учун оқибатлари ва бундай қисмларга эга самолётлар сонини аниқлаш учун тергов бошланган.
Ҳужжатларни қалбакилаштириш иши бўйича терговни АҚШ Федерал авиация маъмурияти (FAA) ва Boeing учун фюзеляжлар, шунингдек, Airbus қанотларини етказиб берувчи Spirit AeroSystems компанияси олиб бормоқда.
Нашрнинг таъкидлашича, таъминотчи компания металлда коррозия оқибатида келиб чиққан майда тешикларни аниқлаганидан кейин суриштирув бошланган.
Вазиятдан хабардор манбаларнинг таъкидлашича, титан сотувчи Хитой компаниясининг ходими сертификатларни сохталаштирган ва материал ишончли таъминотчидан олинганини билдирган.
FAA баёнотида айтилишича, муаммо кўлами ўрганилмоқда ва бундай қисмлардан фойдаланиш самолётларнинг қисқа ва узоқ муддатли хавфсизлигига таъсири қандай бўлиши аниқланмоқда. Қанча самолётда шубҳали материаллардан тайёрланган қисмлар борлиги аниқ эмас.