Тошкент ва Наманганда қарийб 400 млн сўмлик сифатсиз дори воситалари аниқланди
Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида сифати кафолатланмаган дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни муомалага киритилишининг олди олинди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чилонзор туман бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаро К.К. фуқаро Б.К.га кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 295 АҚШ долларига сотган вақтида ушланиб, ундан умумий баҳоси 388,3 млн сўмлик сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 1 156 қути дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Департаментнинг Наманган тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Т.Ж. “Янги йўл” МФЙ ҳудудидаги хонадонида сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 258 турдаги 7 536 қути дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ушбу дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар ашёвий далил сифатида олинган.
