Ўзбекистон — Мўғулистон: юртимизда сунъий интеллектга асосланган тиббий марказ очилади
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ушбу ташриф доирасида Мўғулистоннинг “Tavan Вogd Holdings LLC.” компанияси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжатга компания бош директори Баатарсайхан Цагаач ва соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фарҳод Тошпўлатов имзо чекди.
Меморандумдан кўзланган мақсад Ўзбекистонда Япониянинг “Fujifilm Group” компаниясининг сунъий интеллектга асосланган “NURA” тиббий профилактика скрининг марказини очиш ва бу орқали фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашдир.
Ҳужжатга асосан “Tavan Вogd Holdings LLC.” компанияси Ўзбекистонда дастлабки босқичда 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ўз сармояси ҳисобига “NURA” тиббий профилактика скрининг марказини ташкил этади ва ишга туширади. Бунда 160 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса, ўз навбатида, “NURA” тиббий профилактика скрининг марказига Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ белгиланган тартибда юртимизда тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда мамлакатимиз ҳудудида фаолият юритиш учун олиб кириладиган тиббий техникани рўйхатдан ўтказиш учун лицензия олишда кўмаклашади.
Маълумот учун: “Fujifilm Corporation” корпорацияси Япониядаги бош компания бўлиб, ўз фаолиятини Мўғулистонда “NURA” бренди остида сунъий интеллектга ҳамда саратон ва турмуш тарзи билан боғлиқ касалликларнинг профилактик тиббий скринингига ихтисослашган тиббий скрининг марказлари орқали олиб боради.