МИБ ходимлари калтакланди
Давлат ижрочилари фуқаро хонадонига қарздорликни ундириш мақсадида борган бўлган.
Наманганда қарздорликларни ундириш мақсадида борган давлат ижрочилари фаолиятига қаршилик кўрсатиш ҳолати содир бўлди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар қилди.
Жумладан, МИБ Наманган вилояти бошқармасининг Чуст тумани бўлими давлат ижрочилари фуқаро Ж. Н.нинг хонадонига бошқа ҳақдор фуқаро фойдасига 42,1 миллион сўм қарздорликни ундириш мақсадида боради. Бироқ, қарздор мажбуриятини бажариш ўрнига, давлат ижрочилари фаолиятига кескин қаршилик кўрсатиб, уларни ҳақоратлайди. Давлат ижрочиларининг бирини юз қисмига, яна бирининг кўкрак қисмига жароҳат етказади.
Ҳолат бўйича ҳуқуқбузарга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган жиноят иши қўзғатилган.
Яқинда жиноят ишлари бўйича Чуст тумани судида мазкур ҳолат атрофлича кўриб чиқилди.
Суд жараёнларида барча ҳолатлар ўз исботини топиб, давлат хизматчисига азият етказган фуқаро Ж. Н. Жиноят кодекснинг тегишли моддаси билан 3 йил 7 етти ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.