Мактабларда «Ҳуқуқий синфлар» ташкил этилади
Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат таълим муассасаларида узлуксиз ҳуқуқий таълим тизимини жорий этиш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
2024-2025 ўқув йилидан бошлаб:
мактабларда «Ҳуқуқий синф» ташкил этиш ва ҳуқуқий фанларни чуқурлаштириб ўқитиш орқали юридик кадрлар тайёрлашда «мактаб – лицей – техникум – университет» тизими жорий этилади;
Наманган ва Самарқанд вилоятларидаги юридик техникумлар базасида Тошкент давлат юридик университетининг академик лицейларига қабул бошланади.
«Ҳуқуқий синф»ни ташкил этишнинг асосий вазифалари:
замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда «Давлат ва ҳуқуқ асослари» фанини чуқурлаштириб ўрганиш;
«Ҳуқуқшунослик» йўналиши бўйича вариатив ўқув режалари асосида ўқувчиларни таълимнинг кейинги босқичларида самарали таҳсил олишга тайёрлаш;
ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти юридик амалиёти ходимларини жалб этиш орқали синфдан ташқари ишларни самарали ташкил этиш;
ўқувчиларни «Давлат ва ҳуқуқ асослари» фани бўйича мактаб, туман (шаҳар), вилоят ва республика олимпиадалари ҳамда бошқа тадбирларда иштирок этишга тайёрлаш.
Мактабларда «Ҳуқуқ» фани ўқитувчиларининг касбий билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб бориш ва уларни Адлия вазирлигининг махсус электрон платформаси орқали услубий таъминлаш тизими йўлга қўйилади.
Шунингдек, ўқувчилар ўртасида «Ҳуқуқшунос билимдон» олимпиадаси ва «Ҳуқуқ» фани ўқитувчилари ўртасида «Энг яхши ҳуқуқ ўқитувчиси» танлови ўтказилади.
Бунда, ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимларни мустақил ўзлаштиришига қаратилган кўргазмали ўқув қўлланмалар, видеороликлар, компьютер ўйинлари ва мобил иловалардан фойдаланилади.
«Ҳуқуқий синф»га «Давлат ва ҳуқуқ асослари» фанига қизиққан 8-синф ўқувчилари орасидан танлаб олинади ва мактаб педагогик кенгашининг тавсиясига асосан директор буйруғи билан ўтказилади.
«Мактаб – лицей – техникум – ОТМ» узлуксиз таълим тизими бўйича академик лицейларни муваффақиятли тамомлаган (икки йиллик ўқиш даврида ҳар ўқув йилининг якуний баҳолари «аъло» ва «яхши» бўлган) битирувчилар 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб юридик техникумларга тўғридан-тўғри (тўлов-контракт асосида) тестларсиз қабул қилинади.
Ҳужжат билан ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларда қонунга итоаткорлик руҳини тарбиялаш ва жиноятчиликка нисбатан муросасизлик чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.