Марказий банк аҳолини огоҳлантирмоқда
Марказий банк аҳолини навбатдаги киберфирибгарликдан огоҳлантирмоқда.
Идора ахборот хизматининг ёзишича, бугунги кунда фирибгарлар мессенжерлар орқали фуқароларга Марказий банкнинг рамзий белгилари туширилган сохта ҳужжатлар юбориб, уларнинг мобиль қурилмаларига зарарли иловаларни ўрнатишга уринишмоқда.
Мазкур сохта ҳужжатларда гўёки фуқаронинг маблағлари хавфсизлигини таъминлаш учун «молиявий хавфсизлик бўйича мутахассис» томонидан айрим амаллар бажарилиши тўғрисидаги ёлғон ахборот кўрсатилган.
Бу орқали «мутахассис» ниқоби остидаги фирибгар фуқаронинг мобиль қурилмасига зарарли иловани (хусусан, «Безопасность» номли) ўрнатиш орқали ушбу қурилмадаги расм ва ҳужжатлар, SMS-хабарлар ва қўнғироқлар ҳақидаги маълумотларни яширин тарзда қўлга киритади.
Фуқаролардан юқоридаги каби ҳолатларга дуч келса, фирибгарларнинг алдовларига ишонмаслик, иловаларни эса мессенжерлар орқали эмас, балки расмий Google Play ва App Store дўконларидан ўрнатиб олишлари сўралмоқда.