Афсонавий Санта Клауснинг ватани Анталя эканлигини билармидингиз?!
Туркиянинг “туризм пойтахти” Анталя ёзги таътил учун энг машҳур дам олиш масканларидан бири. Аммо қиш ҳам унутулмас тажрибалар учун идеал мавсумдир. Афсонага айланган Санта Клауснинг (Қор бобо) Анталяда туғилиб ўсганини билармидингиз? Келинг, Сантанинг ватани Анталянинг Демре тумани бўйлаб саёҳат қилсак.
Эзгуликка йўғрилган юрак
Авлиё Николай (Санта Клаус) 4 асрда Ликиянинг машҳур Патара шаҳрида бой савдогар оиласида дунёга келган. Николаос ёки Санта Клаус номи билан машҳур бўлган Авлиё Николай кўп йиллар давомида Ликия давлатининг пойтахти Мира (Мйра) епископи бўлиб хизмат қилди, ҳаётини яхшилик қилишга ва бор-будини камбағаллар билан баҳам кўришга бағишлаган. У кўп одамларга ёрдам берар ва яширинча дераза ёки мўриларда совғалар қолдирарди. Шунинг учун бўлса керак, у болалар, савдогар ва денгизчиларнинг азиз ҳомийси сифатида танилди.
Ажойиб пойтахт
Мира антик шаҳри ҳозирги Анталянинг Демре туманида жойлашган ва ҳудуди ўша пайтда Онадўлидаги иккинчи йирик епархия (христиан черковида епископ бошчилигидаги маъмурий-ҳудудий бўлинма) ҳисобланарди. Унинг епископи мўъжизакор авлиё Николай бўлиб, ўзининг раҳм-шафқати ва хайрия ишлари билан Мира аҳолисининг севгисини қозонди. У 365 йил 6 декабрда ўзи хизмат қилган черковда вафот этганида бутун туман аҳолиси мотам тутганди.
Бу азиз инсоннинг шарафига қадимий шаҳарда мақбара ва базилика қурилган. Деворларида авлиё Николайга оид мўъжизалар тасвирланган ушбу базилика шаҳардаги зилзила ва босқинлар натижасида жиддий зарар кўрган, аммо 9 асрда гумбазли черков сифатида қайта қурилган.
Авлиё Николай черкови – янги қиёфада!
Черков архитектура услуби ва безаклари туфайли Яқин Шарқ Рим даври иморатларининг энг ёрқин намуналаридан бири саналади. Черков Ўрта асрларда Ўрта ер денгизи орқали Қуддусга саёҳат қилган христианлар учун муҳим зиёратгоҳ бўлган ва у 2000 йилдан бери ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Авлиё Николай черкови христиан оламининг энг муқаддас масканларидан бири бўлиб, Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги томонидан ўтган йили амалга оширилган қайта тиклаш ва кўкаламзорлаштириш ишлари туфайли бугунги кунда ўз зиёратчиларини янги қиёфа билан кутиб олмоқда.
Черковда балиқ тангачалари ва акант барглари билан безатилган ҳамда авлиё Николайга тегишли деб тахмин қилинган Рим даври саркофаги жойлашган. Авлиё Николайга оид деб ҳисобланилган баъзи суяклар Анталя музейида намойиш этилмоқда.
Демре кашфиёт сафари давомида илиқ ва қуёшли Ўрта ер денгизи қишидан баҳраманд бўлиш билан бирга, Мира антик шаҳридаги кўплаб хазиналарни ҳам зиёрат қилишингиз мумкин. Қадимги шаҳарга келганингизда, тош қабрларни ва шаҳарнинг тарихий бойликларини очиб берадиган қадимги Рим театрини кўришни унутманг.
Андриаке Миранинг қадимий портидир. Адриаке – ҳар бир бурчагида саркофаклар, қабр ва шаҳар девори харобалари билан тарихни эслатадиган ноёб шаҳардир. Кўплаб Андриаке артефактлари Ликия цивилизациялари музейида ҳам намойиш этилади.