Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасида фаолият юритувчи 10 та илмий лаборатория очилади
Мамлакатимизнинг БМТдаги доимий ваколатхонаси томонидан ташкилотнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Ўзбекистоннинг 2030 йилгача сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегиясининг тақдимоти ташкил этилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси ва Халқаро жиноий полиция ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда БМТ раҳбарияти, турли экспертлар, шунингдек, Нью-Йоркда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари Стратегиянинг асосий йўналишлари, шунингдек, Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган ютуқлар билан яқиндан танишдилар. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ахборот технологияларини ривожлантириш ва инновацияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Йиғилганларга Ўзбекистонда сунъий интеллектга асосланган дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш, сунъий интеллект соҳасида фаолият юритувчи 10 та илмий лаборатория очиш, тегишли технологияларни ишлаб чиқиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш режалари ҳақида сўзлаб берилди.
Тадбир якунида ушбу жабҳадаги Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.