Россияда икки боласи билан қийин вазиятда қолган аёл Ўзбекистонга қайтарилди

Россияда икки боласи билан қийин вазиятда қолган аёл Ўзбекистонга қайтарилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида Россиянинг Приморск ўлкасида қийин молиявий аҳволда қолган ўзбекистонлик Ж.Д. ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзандлари ватанга қайтарилди.
У шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи билан 2019 йилда ишлаш мақсадида Приморск ўлкасига келган. Ж.Д. бир неча йиллар давомида фаррош бўлиб ишлаган. Турмуш ўртоғи Россия ҳудудида бўлиш ҳужжатларини вақтида расмийлаштирмагани учун жорий февраль ойида суд ҳукми билан Ўзбекистонга депортация қилинган.
Шу боис ушбу оила қийин вазиятда қолган ва ижарадаги уйдан ҳайдалган. Бош консулхонага қилинган мурожаатдан сўнг, Владивосток шаҳридаги ўзбек диаспорал ташкилоти вакиллари, фаол ватандошлар кўмагида фуқаро ҳамда унинг болалари турар жой ва озиқ-овқат билан таъминланди.
26 февраль куни эса Uzbekistan аirways АЖнинг Владивосток—Тошкент йўналишидаги самолётга чипта сотиб олиб берилди ва Ўзбекистонга қайтарилди.
***
2024 йил август—сентябрь ойларида хорижда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 34 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилганди. Октябрь ойида Россияда қаровсиз қолган 8 ойлик чақалоқ Ўзбекистонга, ота-онаси бағрига қайтарилди. Москвадаги вояга етмаган ҳуқуқбузарларни вақтинча сақлаш марказидан 4 нафар бола Ўзбекистонга олиб келинди.
Ўша ойда Туркияда ота-онасининг қаровисиз қолиб кетган уч нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди. Ноябрда Дубайни тарк этиш тақиқланган ўзбекистонлик болага ватанга қайтишига ёрдам берилди. Декабрда Россияда ота-она қарамоғисиз қолган 15 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди.
Шунингдек, Россиянинг Тива Республикаси Оқ Довурак шаҳрида вақтинча ишлаётган ва ҳужжатларини йўқотган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилганди.