Тўрт нафар шахматчимиз яккалик баҳсларида олтин медалга даъвогар бўлиб турибди!

Тўрт нафар шахматчимиз яккалик баҳсларида олтин медалга даъвогар бўлиб турибди!

Шахмат олимпиадасида жамоавий натижадан ташқари ҳар бир доска кесимида индивидуал совринлар ҳам ўйналади. Шахматчилар кўрсатган перформанс (шахматчининг кучи) асосида 5 та доска бўйича олтин, кумуш ва бронза медаллари берилади.

Ҳозирда 4 нафар шахматчимиз ўз доскасида олтин медал учун курашмоқда.

Нодирбек Абдусатторов 2900 перформанс билан 1-доскада олтин медалга яқин. Агар у бугун ғалаба қозонса, илк бор яккалик баҳсларда олтин медални қўлга киритади. Бунгача Нодирбек 2022 ва 2024-йиллардаги олимпиадада Гукешдан ортда қолиб, 2 марта кумуш медал олган эди.

Ўзбекистон-3 жамоаси таркибида захира ўйинчиси (5-доска) сифатида қайдномага киритилган Асроржон Омонов эса Шахмат олимпиадасидаги барча шахматчилар ичида энг юқори перформансни қайд этиб туридби. У 7 та баҳснинг барчасида ғалаба қозонди ва ҳозир 2976 перформансни қайд этмоқда, бу ақлга сиғмас даражада юқори натижа!

Жавоҳир Синдаров 2-доскада, Нодирбек Якуббаев эса 3-доскада 2-ўринда туришибди. Синдаровнинг 1-ўринга кўтарилиши жуда қийин, лекин Нодирбек Якуббаевда олтин медал учун имконият бор. Бунинг учун у бугун ғалаба қозониши, Германия вакили Фредерик Сване эса юта олмаслиги керак.

Маълумот учун, перформанс — шахматчининг айнан шу турнирда қайси рейтинг даражасида ўйнаганини кўрсатади.

Масалан, Асроржон Омоновнинг рейтинги 2347, лекин у шу турнирда худди 2976 рейтингга эга шахматчидек кучли ўйнамоқда. Бу қанақа катта рейтинглигини тушунишингиз учун, ҳатто Магнус Карлсен ҳам ҳеч қачон 2900 рейтингга чиқа олмаган, унинг энг юқори натижаси 2882 рейтинг бўлган. Назарий жиҳатдан, Асроржон Омонов ушбу турнирда Магнуснинг энг кучли даврдаги ҳолатидан ҳам кучлироқ ўйнамоқда (албатта, бу бироз нотўғри солиштириш, чунки рақибларнинг кучига ҳам кўп нарса боғлиқ).

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: