Трамп АҚШ тарихида биринчи марта расмий тилни жорий этмоқда

Трамп АҚШ тарихида биринчи марта расмий тилни жорий этмоқда

АҚШ президенти Дональд Трамп инглиз тилини мамлакатнинг расмий тили сифатида эътироф этиш тўғрисидаги фармонни имзолайди, бу Америка тарихида илк бор содир бўладиган воқеа ҳисобланади.

 

Бу ҳақда жума куни The Wall Street Journal (WSJ) газетаси АҚШ маъмуриятидаги манбаларга асосланиб хабар берди.

 

«Фармонга илова қилинган тушунтириш хатида инглиз тилини миллий тилга айлантиришдан мақсад жамият бирлигини мустаҳкамлаш, ҳукумат фаолияти самарадорлигини ошириш ва фуқаролар фаоллигини рағбатлантириш эканлиги қайд этилган,» – деб ёзади WSJ нашри.

 

Нашр маълумотига кўра, ушбу фармон собиқ президент Билл Клинтон томонидан жорий этилган федерал мандатни бекор қилади. Мазкур мандат федерал агентликлар ва бошқа маблағ олувчиларга инглиз тилини билмайдиган шахсларга таржима хизматларини кўрсатиш мажбуриятини юклаган эди. Шу билан бирга, ҳужжатда таъкидланишича, агентликлар ҳамон ҳужжат ва хизматларни инглиз тилидан ташқари бошқа тилларда ҳам тақдим этиш имкониятига эга бўлади.

 

АҚШ ташкил топган пайтдан бошлаб федерал даражада ҳеч қачон расмий давлат тили бўлмаган. Бироқ, кўплаб штатлар даражасида расмий тиллар белгиланган бўлиб, уларнинг аксарияти инглиз тилидир. Бундан ташқари, Гавайи оролларида иккинчи расмий тил сифатида гавай тили, Аляскада маҳаллий халқлар тиллари, Жанубий Дакотада эса ҳиндуларнинг су тиллари белгиланган.

 

Президентлик сайлов кампанияси давомида Дональд Трамп инглиз тилини билмайдиган муҳожир талабаларнинг синфларда мулоқот қила олмаслигидан ташвиш билдирган. Америка раҳбари бир неча бор инглиз тилини қўллаб-қувватлаб, АҚШ аҳолиси айнан шу тилда сўзлашиши кераклигини таъкидлаган. Дональд Трамп маъмурияти Оқ уй веб-сайтининг испан тилидаги версиясини тўсиб қўйган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: