Марказий Осиё мамлакатлари учун ўзаро визасиз режим жорий этиладими?

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Марказий Осиё давлатларига ўзаро визасиз режим жорий этиш ва чет элликлар учун ягона виза — “Silk Road Visa”ни ишга туширишни таклиф қилди. Бу ташаббус 2018 йилдан бери муҳокама қилинаётган бўлса-да, ҳали амалга ошмаган.
Жапаров, шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги 101 йилдан бери ҳал бўлмаган чегара масаласи якунига етганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу нафақат икки давлат, балки бутун Марказий Осиё учун муҳим воқеа. 19 март куни мазкур битим Қирғизистон парламентига ратификация учун тақдим этилади.
“Марказий Осиё мамлакатлари ўзаро визасиз режимни, бошқа давлатлардан келган меҳмонлар учун эса Шенген визаси каби минтақанинг барча мамлакатлари бўйлаб эркин ҳаракатланиш имконини берувчи ягона визани жорий этиш жараёнини бошлаши керак”, деб ёзди Жапаров ўзининг Facebook саҳифасида.
Президент давлат чегараси умумий манфаатлар асосида ҳал қилинишини таъкидлаб, кўчирилган аҳоли замонавий уйлар билан таъминланишини ваъда қилди.
“Энди айтиш мумкинки, минтақанинг барча давлатлари ўзаро чегара масалаларини узил-кесил ҳал қилди. Шу вақтдан бошлаб Марказий Осиёда абадий тинчлик ўрнатилди”, дея таъкидлади Қирғизистон президенти.