Республика ички ишлар вазири Али Ерликаянинг маълум қилишича, беш кундан буён давом этаётган норозилик намойишлари давомида мамлакат бўйлаб жами 1 133 нафар киши қўлга олинган. Душанба куни тонгда ўтказилган рейдлар чоғида Истанбул ва Измирда камида 10 нафар журналист ҳам ҳибсга олинган.
Намойишлар чоршанба куни, Истанбул шаҳри мэри Экрем Имамўғлу қўлга олинганидан сўнг бошланган. У 2028 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида ҳозирги давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг энг асосий рақиби сифатида кўрилаётган эди. Имамўғлуга коррупция айблови қўйилган, шунингдек, тергов доирасида яна 100 дан ортиқ киши ҳам қўлга олинган.
Кейинчалик Имамўғлу расман коррупцияда айбланиб, ҳибсга олинди. У айбловларни сиёсий мақсадли деб баҳолади, Эрдўғон эса бу иддаоларни рад этди.
Душанба куни Имамўғлу мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси томонидан 2028 йилги президентлик сайловларига номзод сифатида расман тасдиқланди. Айни пайтда у ҳибсда қолмоқда ва суд олдида жавоб бериши кутилмоқда.
Имамўғлунинг қўлга олиниши ортидан бутун Туркия бўйлаб юз минглаб одамлар кўчаларга чиқиб, намойишларда қатнашди. Бу мамлакатда сўнгги ўн йил ичида кузатилган энг йирик норозилик ҳаракатига айланди. Намойишлар айни кунларда ҳам давом этмоқда.
Туркия Ички ишлар вазирлиги эса намойишчиларни «намойиш ўтказиш ҳуқуқидан суиистеъмол қилиш»да айблаб, кўчалардаги «террор»га йўл қўйилмаслигини маълум қилди.
Дўстларингизга ҳам юборинг: