21 ёшли футболчи дарвозабон билан тўқнашиб ҳалок бўлди

Перуда футбол майдонида фожиа юз берди. “Real Titan” жамоаси футболчиси Хелар Гонсалес 21 ёшида ўйин пайтида дарвозабон билан тўқнашиб кетиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.
Фожиа Перу Кубоги доирасидаги “Real Titan” ва “Defensor Nueva” жамоалари ўртасидаги учрашувнинг 70-дақиқасида содир бўлган. Гонсалес ҳужум вақтида дарвозабон билан тўп учун курашган ва тўқнашувдан сўнг майсага йиқилган.
Футболчига дарҳол тиббий ёрдам кўрсатилган, шифохонага етказилган бўлсада, у жонлантириш бўлимида ҳаётдан кўз юмган.
Клуб ва футболчилар Гонсалеснинг ўлимидан чуқур қайғуда эканликларини билдирган.