Тошкентда гиёҳванд ва психотроп моддаларни тарқатган 20 ёшли йигит қамалди

Тошкентда гиёҳванд ва психотроп моддаларни тарқатган 20 ёшли йигит қамалди

Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни тарқатиш билан шуғулланган 20 ёшли йигит 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

 

А.Н. исмли ушбу фуқаро 2023 йилнинг 30 сентябрида Тelegramʼда катта маош таклиф қилинаётган ишни кўриб, админ билан боғланган ва у томонидан юборилган геолокация орқали Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманига борган. Кўрсатилган жойдан гиёҳванд моддани олиб, бўлакларга бўлиб, админ юборган хабарлар асосида тегишли жойлардаги мижозларга етказиб берган.

 

А.Н.нинг тергов жараёнида берган кўрсатмасида айтилишича, қилаётган иши жиноят эканини англагач, у бу ишдан бош тортган. Аммо админ у ҳақдаги барча маълумотлар – қаерда яшаши, оиласи, кимлар билан ва қаерда юргани ҳақида ҳаммага айтиб бериши, агар бош тортса, “спортик”ларини (жазоловчи шахслар) жўнатишини айтиб, ишдан бош тортгани учун шафқатсиз, ваҳшиёна жазоланган шахслар ҳақидаги видеотасвирни жўнатган. Бундан қўрққан А.Н. яна гиёҳванд ва психотроп моддаларни тарқатишга мажбур бўлган.

 

2023 йилнинг 2 октябрида Учтепа тумани ИИО ФМБ ППХ ходимлари томонидан фуқаро А.Н. қўлга олинган.

 

Фуқаро ўша куни тумандаги савдо мажмуасининг олдида мижозлари билан учрашиб, “товар”ни топшириши ва пулини олиши керак бўлган. Йигит мажмуада хизмат вазифаларини бажараётган ходимларни кўриб, саросимага тушган ва ўзида шубҳа уйғотиб, кетаётган йўлини кескин ўзгартирган. Бу ҳолат ходимлар эътиборини тортган.

 

Фуқаро холислар иштирокида текширилганда, унинг сумкасидан 1 дона электрон тарози, уч дона полиэтилен пакетга солинган, қуритилиб, майдаланган, ўткир ҳидли моддалар аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштирилган.

 

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг очиқ суд мажлисида А.Н. Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳванд воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан айбли деб топилди ва мазкур кодекснинг 57-моддасига асосан 7 йилга қамалди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: