Украина асосий қуроллар ишлаб чиқаришини тез суръатда оширмоқда

АҚШ ёрдамининг камайиши хавотири ортида Украина Россияга қарши курашда ҳал қилувчи қурол – артиллерия ишлаб чиқаришини кўпайтирмоқда. The Washington Post газетаси хабар беришича, уруш келажаги тобора ноаниқ бўлиб бораётган бир пайтда, Европа иттифоқдошлари Украинада ишлаб чиқарилаётган артиллерияга, хусусан, «Богдан» ўзиюрар артиллерия қурилмаларига тўғридан-тўғри сармоя киритмоқда. Россия билан уруш даврида ушбу қурилмалар ишлаб чиқариши кескин ошган – 2023 йилда ойига 6 тадан 2025 йилда 20 дан ортиғача етиши кутилмоқда.
Европалик амалдорлардан бири таъкидлашича, тобора кўпроқ давлатлар Украина мудофаа саноатига қурол етказиб бериш ўрнига маблағ киритиш моделини кўриб чиқмоқда. Бу тезроқ натижа бериши мумкин, чунки Европанинг ўз захиралари Киевга кўп йиллар давомида қурол етказиб бериш оқибатида тугаб бормоқда.
Амалдорнинг сўзларига кўра, бу стратегия, шунингдек, НАТО давлатларига Украинадан у қадар катта тажрибага эга бўлмаган дронлар каби қуролларни ишлаб чиқиш учун синов полигони сифатида фойдаланиш имконини беради.
«Бу мағлубиятсиз вариант,» – дея қўшимча қилди европалик амалдор. – Биз учун бу арзонроқ. Улар ишлаб чиқариши керак. Ва украиналиклар бизга кўп нарсани ўргатишади.»
WP таъкидлаганидек, олдинги чизиқда дронлар сони ортиб бораётганига қарамай, артиллерия можаронинг асосий қисми бўлиб қолмоқда. Дронларга қараганда, артиллерия қуроллари траншея операцияларини самаралироқ бостириши, ҳужумларни тўхтатиши ва душманни ўлдириши мумкин.