Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (18-қисм)

Иброҳимнинг ҳеч нарсадан хабари йўқ эди. Билгани шуки, Зоир уни урди, кейин кетди. Фақатгина машинада келаётганларида Арслоннинг Актамга қўнғироқ қилганини билади. Шунда Актам бир-икки марта «Зоир» деди. Бори шу эди. Ҳозир эса қўрқяпти. Зоир ўгирилиб, яна унинг чаккасига шапалоқ туширса-чи!
Шу боис устози биринчи марта айтганида, у мўлтираб Сайфулла эшоннинг юзига қаради. Аммо унинг айтганини қилмади.
— Боравер. Ўзингни хотиржам тут. Кўзингни юмгин-да, ўқийвер. Мен шу ерда, сенинг ёнингда бўламан.
Иброҳим акасининг ёнига ўтирди. Қўлини Зоирнинг қўли устига қўйиб, кўзларини юмганча тиловат қила бошлади. У тиловат қилгани сайин Зоирнинг қўлидаги оғриқ камайди. Аста-секин йўқ бўлди. Бемор инграмай қўйди. Хотиржам кўзларини юмди. Уни уйқу элита бошлади ва Иброҳим тиловатни охирлатмай туриб ухлаб қолди. Укасининг хуррагини эшитиб, ҳаммасини ўз кўзи билан кўриб турган Арслон эса даҳшатга тушди. «Қандай қилиб? Муштдайгина Иброҳим уни ўқиб даволадими? Кўзларимга, қулоқларимга ишонмайман», дея ўйлар эди у.
Шогирдининг қироатидан сўнг Сайфулла эшон дуо қилди. Кейин:
— Чарчабди, ухласин. Биз ташқарига чиқайлик, — деди.
Арслон улар билан бирга ташқарига чиқди.
— Мулла бобо, — деди у Сайфулла эшонга, — Иброҳим шунча катта мулла бўлиб кетдими?!
— Ҳа, Худо хоҳласа, — деб кулди Сайфулла эшон, — лекин шундай катта мулланинг ҳозир қорни оч. Мен укангга бир нималар олиб келишни айтгандим.
— Шундайми? — дея Арслон дарров телефонини олиб, Актамга қўнғироқ қилди. Унинг қаердалигини, қачон келишини сўради. Кейин эшон бобога юзланиб:
— У кутиб ўтирган экан. Бўлмаса, чақирай, бу ёққа келсин. Ўзимиз бирорта ошхонага кирамиз. Нима дедингиз? — деди.
— Бунисиям маъқул. Бу ерда қиладиган ишнинг ўзи қолмади, — дея Сайфулла эшон ҳамон очликдан қийналаётган Иброҳимга қараб қўйди.
Арслон Актамни чақирди.
Шундан кейин даволовчи врач уларнинг ёнига келди.
— Мен ўзим ҳам шундай деб ўйладим. Укол-дорининг кучи етмаганда, бир ўқиб қўйса ёмон бўлмайди, дегандим. Биласизми, унинг касали йўқ. Бирорта жароҳат олмаган. Нервлар ҳам шамолламаган. Лекин оғриқ бор эди. Раҳмат, мулла бобо, — деди.
Сайфулла эшон бу сафар ўзи раҳматни қабул қилиб олди, Иброҳимни кўрсатгиси келмади. Чунки яна гап кўпайиши мумкин эди.
Иброҳим ўзини тутиб туролмади. Болалигига борди. Кабобни қўлига олди-ю, гўштларини туширмасдан, сихнинг ўзидан ея бошлади.
— Менга қара, — деди Сайфулла эшон секин Арслонга яқинлашиб, паст овозда, — жуда хор қилибсизлар-ку.
— Биласиз, маърака билан овора бўлиб қолгандим. Энди эътибор қиламан.
— Яна битта нарсани айтайми?
— Ҳа.
— Шу укангизнинг қўли ўз-ўзидан оғриб қолдими?
— Ҳа, шундай бўлди. У столни кўтараман деб…
— Ундан олдин-чи, ундан олдин ҳеч нарса бўлмаганмиди?
— Йўқ, — дея ёлғон сўзлади Арслон, аммо шу онда Зоир қандай қилиб Иброҳимни ураётгани ёдига тушди. Тўғри, шапалоқлаганини кўрмаганди, тепаётганига кўзи тушганди. Унинг ичидан зил кетди.
— Мен отанг раҳматлига ваъда бергандим. Катта бўлгунича ўзим ўқитаман, ўзим тарбияси билан шуғулланаман, деб. Таъзия сабаб ноилож сизларникида юришига рози бўлгандим. Лекин кўряпман, шу икки кунда Иброҳим анча қийналибди.
Бунисини Иброҳим ҳам эшитди. У бошини кўтариб устозига қаради. «Акаларим қийнади. Менга уйдан жой беришмади, овқат беришмади. Зоир мени урди», деёлмади. Бунинг ўрнига акаларининг ёнини олиб:
— Қийналмадим, — деди.
Аммо шундай деди-ю, ичида ўксик бир нима пайдо бўлди.
— Иброҳим бу ердан тўғри меникига боради, — деди Сайфулла эшон.
— Эй, ундай деманг! Айтдим-ку, маърака сабаб эътибор беролмабман деб. Бошқа укаларим ҳам югур-югурда эди. Яна бир-икки кун юрсин. Кейин уйингизга олиб бориб қўяман.
— Нима дейсан, Иброҳим? — деб сўради бу сафар Сайфулла эшон шогирдидан.
— Уйда қолай, — деди Иброҳим.
У азбаройи акасига раҳми келганидан шундай деди.
— Ҳа, хўп. Бир-икки кун тур, кейин келасан уйга.
Шундай қилиб, Иброҳим кабобларнинг ҳаммасини паққос тушириб бўлганидан кейин улар қишлоққа қайтишди. Машинани Арслон ҳайдади. Актамни эса Зоирнинг олдида қолдирди. «Сен ўтириб тур, ухлаб турганидан кейин, балки, Ҳасан келиб сенларни олиб кетар», деди. Актам норози бўлди. Аммо қолишдан бошқа иложи йўқ эди.
Сайфулла эшон ўзининг уйи ёнида машинадан тушиб қолди. Катта ака ва энг кичик ука уйга қайтиб келишди. Кеч тушиб қолган, ҳамма ташвиш ва қайғулардан чарчаган эди. Улар отанинг маййити чиққан уйга киришмади. Қўрқишди. Мафтунанинг уйига киришди. Шу ерда Зоир ҳақида, унинг дарди ҳақида гаплашишмади. Бунгача фолбиннинг айтган гапларини гаплашиб бўлишганди. Ҳамма битта қарорга келди. Эртаси куни эркакларни судраб бўлса-да, бозорга олиб боришади. Кўк қўчқорни топишади. Уйга олиб келиб сўйишади. Фолбиннинг пули, унга бериладиган ҳўкизга эса ўртага пул ташланадиган бўлди. «Жигаримиз. Ҳеч биримиз четда қараб турмаймиз. Шундай пайтда ёрдам қилмасак, қачон ёрдам қиламиз?» дейишди. Шу билан анча баҳс-мунозаралар бўлди. Ниҳоят, бу масалага нуқта қўйилди. Энди Гулбаҳор ухлар, қолганлар эса бозор ҳақида гаплашишарди. Фақат бу гапларга Мафтуна қўшилмаётганди. Чунки унинг ўй-хаёли эрида эди. Қайнакаларининг шошиб кетганларига қараганда, унинг эри оёққа қайтиб турмайдиганга ўхшайди. «Бу ерда қолмайман. Уй-жойимни сотаман. Керак бўлса, ака-укалар менга пулини бериб, ўзлари сотиб олишсин. Агар олишмаса, бегонага сотаман. Қайнотамнинг уйи бўлса нима бўлибди? Бу ерда Ҳасаннинг, Ҳусаннинг ҳаққи бор бўлса, нима бўлибди? Уларнинг ҳаммаси уй қуришмаган бўлса-да, ерлари бор. Бемалол бориб, ўзларига қуриб олаверишади. Менинг бошимда эрим йўқ… Марказга кўчиб кетаман. Битта уй оламан. Кўп қаватлидан бўлса ҳам. Кейин отам ҳам қараб турмайди. Пул беради. Бизнес қиламан. Чунки болаларимни боқиш битта ўзимнинг бўйнимда бўлади-да… Лекин агар муносиб бир одам чиқса, эрга тегишим ҳам мумкин. Чунки ҳали ёшман. Ёш ҳолимда эрсиз юрмайман-ку», дея ўйлар эди.
Олдин машина товуши эшитилди. Ҳамма сергак тортди. Кейин бари ташқарига чиқишди. Улар энг аввал Арслоннинг машинадан тушаётганини кўришди. Қўрқишганди. Акаларнинг ҳар иккиси ҳам «вой, жигарим»лаб машинадан тушишади, деб ўйлашганди. Аммо ундай бўлиб чиқмади. Арслон хотиржам тушди. Кейин Иброҳим кўринди.
— Ака, Зоир яхшими? — деб сўради Фотима.
— Ҳа, яхши, — деб қуруққина жавоб қилди Арслон.
— Бўлдими?
— Ҳа, бўлди.
— Яхши бўлса, сиз билан бирга келавермадими?
— Актам билан бирга келади. Ҳасанни чақиринглар. Бориб уларни олиб келсин. Мен чарчадим. Яна бирортанг касал-пасал бўлиб қолмасларингдан уйга кетиб олай. Мен ҳам одамман. Мен ҳам дам олишим керак. Тинкам қуриб кетди, — дея машина калитини капот устига қўйди-да, уйи томон шошилди Арслон.
Бирорта ҳам аёл ҳадди сиғиб ундан бир нарса сўраёлмади. Сўраши мумкин бўлган опа эса ичкарида ухлаётган эди. Шу боис опа-сингиллар, овсинлар Бодомгулга ёпишди. «Эрингга қўнғироқ қил», дейишди.
Актам ҳам қисқа жавоб қилди. У ҳам «Ҳасан келсин, мен бу ерда бутун оқшомни ўтказмоқчимасман», деди ва телефонини ўчирди. Кейин аёллар Ҳасаннинг хотинига ёпишди. «Бориб топиб кел», дейишди.
Ҳасан ҳам топилди. У билан бирга Мафтуна касалхонага жўнаб кетди. Бироқ ҳеч ким Иброҳимга эътибор бермади. Бир ҳисобдан, унга ҳам шу маъқул тушди. У секин отасининг уйига кирди. Бурчакда отасининг чопони илиғлиқ турарди. Ҳали «мол бўлишиш» бўлмаган эди. Шу боис чолнинг чопони бечоралардай осилган жойида турар эди. Иброҳим бир-бир қадам босиб, отасининг чопони ёнига борди. Уни қучоқлади, ҳидлади. Отасининг исини туйди ва бирдан йиғлаб юборди. Сўнг шу ернинг ўзида кичик суралардан тиловат қилиб, савобини отасига бағишлади ва ўша жойнинг ўзида ухлаб қолди.
Бу ерга ҳеч ким, айниқса, тунда биров кирмайди. Қўрқади. Барча фарзандларнинг назарида отанинг руҳи кечаси келади. Руҳ билан рўбарў бўлиш… Ахир ўтган оқшом опа-сингилларнинг бари қўрқиб чиқди. Бари тушида оталарини кўришди. Энди қандай киришсин?
Опа-сингиллар Зоирнинг саломатлигига ишонч ҳосил қилганларидан кейин эрларига қўнғироқ қилишди. Эрлар келиб уларни олиб кетишди. Ҳовлида ўғиллар ва уларнинг хотин, бола-чақалари қолишди.
Ҳа, Зоир келди. Соғломлик даврида қандай тетик юрган бўлса, касалхонадан қайтиб келганидан кейин ҳам унинг юриши тетик эди. Фақат хотини уялмасдан қўлтиғига кириб олганди.
— Бизни қўрқитди-да, мана, ҳаммаси ўтиб кетди. Худога шукур, эрим ҳеч нарса кўрмагандай. Энди эслашиб гапириб юрамиз-да, — деди у ва эрини ўзларининг хонасига олиб кириб кетди.
Буни қарангки, Зоир ҳам, уни олиб келган икки ака-ука ҳам Иброҳимни эсламади. Гўё у касалхонага бормаган, акасига шифо тилаб тиловат қилмаган ва шу сабабдан Аллоҳ Зоирнинг дардини олмагандай эди.
Иброҳим эса пишиллабгина ухларди.
У бомдод вақти кирмасдан уйғонди. Уйғонгани баробарида отасини қидирди. Тополмади. Кейин унинг вафот қилгани эсига тушиб, ташқарига чиқди. Таҳорат олиб қайтиб кирди-да, намоз ўқиди…
Қуёш бир терак бўйи кўтарилганида Зоир уйидан чиқди. Бу пайтда Иброҳим сайисхонадаги молларнинг тагини тозалаган, емиш берган ва ҳаттоки иккита сигирни соғиб, сутини ҳовлига олиб келиб қўйган эди. Қорни яна очқай бошлаган, нон топиш илинжида эди.
— Ҳа, ўғри! — деди Зоир уйдан чиққанидан кейин Иброҳимни кўриб.
— Нима? — деди бирдан Мафтуна. — Ҳали у ўғрилик ҳам қилиб юрибдими?! Уйимизда ҳали ўғри борми?!
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.