Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (19-қисм)

— Ўғрининг каттаси бор, — деди Зоир ўчоқ бошида турган хотинига, — лекин мен уни кечирдим!..

— Нима ўғирлаган экан? — деб сўради Мафтуна қовоғини уйиб.

— Сенга мақтаб келгандим, эсингдами?! Бозорга олиб боришим билан қўлимдан юлиб олишди, нархига қарамай сотиб олишди, дегандим.

— Ҳа, эсимда. Шафтоли…

— Ўша шафтолига ўғриликка тушган экан Иброҳимбой.

Иброҳимнинг юзи қизарди. Бошини эгди.

— Ҳа-а, мулойим супургидан ҳамма нарса чиқади. Отангиз буни эскичага ўқитаётганди-ку. Нима, домласи ўғриликка ўргатарканми?

— Билмасам. Лекин ҳисоб тенг бўлди. У ўғрилик қилди, кейин мени ўқиб қўйди. Актам акамнинг гапига қараганда, у ўқиганидан кейин мен тузалибман!..

— Худди шундай бўлди!

Зоир овоз эгасини таниди. Танигани заҳоти овоз келган томонга қараб, Арслон акасини кўрди. У ҳовлига етган экан. Нафақат етган, балки Зоирнинг ҳамма гапларини эшитган эди.

— Агар Иброҳим ўқиб қўймаганида, бугун пешинга қолмай сени отамнинг ёнига олиб бориб кўмиб келардик! — дея гапини давом эттирди Арслон.

Эр-хотин бирдан мулзам бўлиб қолди.

— Сен раҳмат ўрнига уни ўғрига чиқаряпсанми? — деб давом этди Арслон. —  Менинг болам ўтиб шу шафтолингдан еганида нима дердинг? Мен еганимда-чи, бошқа ака-укаларинг еганида-чи? Аслида, ана шу шафтолини деб шу кўйга тушдинг. Менга қара, қўлинг билан оёғинг оғриди, шундайми?!

— Ҳа-а, — дея бошини қимирлатди Зоир.

— Нимага?! Чунки шу қўлинг ва оёғинг билан Иброҳимни ургандинг!.. Энди сен хотинчанг билан бирга уни ўғрига чиқаряпсанми?! Агар хотинчанг билан бўлганида, анави «кўк» қўйни топиб келишга улгурмаган бўлардик!..

— Ака, — дея гапга аралашди Мафтуна ўзининг номи бир неча марта тилга олинганидан кейин, — эрим оғриб ётганида тўй қиламанми?! Кеча нима аҳволга тушганимни билмайсиз!

— Биламан. Гап бундай: Иброҳим шу ерда экан, ҳар бало-бир бало деяверманглар. Урмоқчи бўлсанглар, аввал ўзларинг нима аҳволга тушишларингни ўйлаб кўринглар!.. Ўзининг уйидан нарса олиб еган одам ҳеч қачон ўғри бўлмайди. Ундан кейин кеча мен Сайфулла эшоннинг олдида ер ёрилмади, кириб кетмадим. Чунки Иброҳим итдай оч экан. Шунинг ўзиёқ унинг шафтолига тегинмаганлигини билдиради.

— Бўлмаса…

— Йиғиштир майдакашликни. Чопиб ташлайман ўша шафтолингни!..

Зоир «Ака, бир пайтлар Иброҳим ҳали чақалоқлигида ўзингиз ўлдирмоқчи бўлгандингиз-ку, эсингиздан чиқдими?» демоқчи бўлди-ю, акасининг важоҳатини кўриб, тилини тийди.

— Мафтуна, ҳозир янганг келади, тераскага жой қилиб қўйинглар. Бирор ким келиши мумкин. Сен, Зоир, Иброҳимни ҳар ёққа югуртирма. Мол-полга ўзинг қара. Одам келса, у ўқиб туради.

Шу билан Арслон кетди. Эр-хотин нима қиларини билмай қолди. Дарҳақиқат, Файзулла чол шу уйдан чиққан, келадиганлар ҳам шу ерга келишади. Аммо бу ерда биргина Зоир оиласи билан яшамайди-ку. Ҳасан ва Ҳусан акалари, уларнинг оилалари бор. Улар ҳам келган-кетганга қарашлари керак.

— Ҳасан акамни кўрдингми? — деб сўради Зоир хотинидан.

— Ҳа, қаергадир кетаётганини кўрдим.

— Ҳимм… Майли-да, акам айтгандай қил, — дея Зоир бошини қашлаб, уйнинг орқа томонига ўтди ва бирдан кўзи олайди. У жонидан ортиқ яхши кўрадиган шафтолининг мевалари ер билан битта бўлиб ётарди. Номига шохида бир дона ҳам қолмабди.

— Вой, оналарини эмсин! Ким қилди буни?! — дея бақириб юборди у ва биринчи хаёлига Иброҳим келди. Кеча уни урганди. Балки, Иброҳим қасдини олиш учун атайлабдан шафтолининг шохларини силкитиб, меваларини тўкиб ташлагандир.

— Мен унга кўрсатиб қўяман! — деди у ва қўлини мушт қилиб уй томонга шошилди. Бироқ Иброҳимга тегинолмади. Биринчидан, Ҳасан-Ҳусан акаларининг иккиси ҳам ҳовлида экан. Яна иккита ҳамқишлоқ ҳам келган экан. Уларнинг ёшлари олтмишдан ошиб қолган эди. Ҳамқишлоқлар Зоирни кўришлари билан кулишди.

— Ана, отдай юрибди! Кеча бутун қишлоқда ваҳима бўлганди! — деди Шодмонқул ака.

У қориндор, паст бўйли, икки юзи қип-қизил бўлиб юрадиган одам  шериги соқол қўйган бир ҳолда, унинг ҳали мўйлови ҳам йўқ эди.

— Айтсам, ишонмайсиз, — деди унга Ҳасан, — кеча Иброҳим укам ўқиб қўйганди, бирдан яхши бўлиб қолди.

— Эй-й, шундайми?!

Иброҳим келганларга кўринмаслик мақсадида ҳовли адоғига кетганди. У ердаги узум сўрисининг тагида ўтирганди. У Арслон акасининг гапларини эшитди. Хурсанд бўлди. Бировларга ўзини кўрсатиб қўйиш учун эмас, албатта, бошқа нарса учун хурсанд бўлди. Меҳмон келадими? Демак, меҳмоннинг олдига дастурхон ёзилади. Унинг олдига нон, қанд-қурс, чой, мева-чева қўйилади. Ҳатто овқат ҳам берилади. Дастурхон бошида ўтирган Иброҳим ҳам қўйилган нарсалардан ейди. Бир тўйиб олса, шу билан кечгача юриши мумкин.

— Ҳа, отам раҳматли уни эскичага ўқишга берганди. Ўқийдиган бўлиб қолибди. Ўзим кўрмадим-у, аммо акаларим айтишди. Қани, ичкарига киринг!..

— Яхши экан-ку, чақир унда укангни! — деди Шодмонқул нигоҳи билан Иброҳимни қидириб.

— Сизлар кираверингизлар. Мен чақириб келаман.

Ҳасан овоз бериши билан Иброҳим дарров унинг ёнига келди. Ана шу пайт Мафтуна ҳам пайдо бўлди.

— Ака, буни шундай киргизсангиз, кулгига қоламиз. Бетини рўмол-пўмол билан беркитайлик.

Ҳасан қараса, келини жўяли гап айтяпти.

— Унда бирорта қийиқча олиб кел. Мен таъзияга бир қопини олиб келгандим. Одамларга тарқатдик. Яна қолган бўлиши керак.

— Ҳа, ҳозир.

— Ҳасан ака, — деди меҳмонлар билан бирга уйга кириб, уларни ўтқазиб қайтиб чиққан Зоир, — менинг шафтолимнинг дабдаласи чиқибди. Битта қолмай тўкилибди.

— Битта сенинг шафтолингмас, олмалар ҳам ер билан битта бўлиб ётибди. Нима, оқшомги шамолни билмадингми?

— Йўқ.

— Даҳшатли шамол бўлди. Тарракдай қотиб ухлаб қолгансан-да.

— Ҳимм, чарчаган эканман.

Иброҳим юзи ниқобланган кўйи меҳмонлар ўтирган уйга кирди. Ҳамқишлоқлар бундан сира ажабланишмади. Улар Иброҳимнинг қандай юзга эга эканлигини яхши билишарди. Ҳатто раҳматли Файзулла бобо ҳам унинг юзини ниқоблаб, кейин эшагига миндириб олиб юрганини кўришганди.

Иброҳим ўтириши билан Қуръони каримнинг охирги учта сурасини ўқиди. Қисқа суралар. Аммо ана шунинг ўзида ҳамқишлоқлар сеҳрланиб қолишди гўё.

— Эй-й, эй-й, — деди Турдимурод ака, — бундай қироатни илгари сира эшитмагандим! Интернетда жуда кўп қориларникини эшитганман. Аммо уларникиям бундай эмас эди. Арабларнинг ўзларидан эшитганман. Лекин барибир уларникиям бунчаликмас-да.

— Зўр экан. Бу Сайфулла эшонга борадими? — деб сўради Шодмонқул ака.

— Ҳа, — деб жавоб берди Ҳасан. Илло, у ҳам ҳайратда эди.

— Лекин Сайфулла эшон бундай қироат қилолмайди-ку, — деди Турдимурод.

— Шогирд устоздан ўтиб кетган-да. Менга қара, Иброҳим, Қуръоннинг ҳаммасини биласанми?

— Йўқ. Ҳали тўлиқ ёдламаганман.

— Ҳа-а, ҳали насиб бўлса, ёдлайсан. Менга қара, «Ёсин»ни биласанми?

— «Ёсин»мас, «Ясин».

— Энди ҳамма «Ёсин» дейди-да, шунга айтяпман. Биз ғирт саводсиз бир бало бўлсак. Биров бизга ўргатмаган бўлса. Энди ким нима деса, ҳа-а, шундай экан, деб кетаверамиз…

Бу пайтда овқат сузиб келишган эди. Иброҳимнинг оғзидан суви оқди ва умид билан унга ҳам олиб келишларини кутди. Бироқ кейинги косаларнинг келиши бироз чўзилди. У умидсизликка тушди. «Меҳмонларнинг олдида косага ёпишмасин, дейишган бўлса керак», деб ўйлади. Йўқ, ҳартугул, Ҳасан акаси иккаласига икки коса шўрва келтиришди.

Иброҳим нонни шўрвага ботирар, ниқобни юқорига кўтарар, сўнг ўша нонни оғзига солар эди.

— Эй-й, шошма, бу ерда бегонанинг ўзи йўқ. Аслида, сен эмас, биз юзимизни яшириб овқат ейишимиз керак. Биз сен билганларнинг ўндан бириниям билмаймиз. Сен ҳали мактабга бормайсан. Биз бўлсак, кундан-кунга қабристонга яқинлашяпмиз. Юзингдаги анави латтани олиб ташла. Онасини эмсин. Одамдай овқатлан, — деди Шодмонқул.

Иброҳим бошини кўтарди. Ўзига тикилиб турганларга бирма-бир қараб чиқди. Сўнг ниқобини ечди.

— Ким сени хунук деган бўлса, ўшанинг ўзи хунук. Энди қаерга борсанг ҳам мана шундай юравер. Биров бир нарса демайди. Энди ич овқатингни! — деди Шодмонқул ичидагини тилига бошқача қилиб чиқараркан.

Аммо шу ҳам Иброҳимни руҳлантирди.

Овқатланиб бўлганларидан кейин у меҳмонларга «Ясин» сурасини тиловат қилиб берди.

Шу куни бошқа ҳеч ким таъзия билдиргани келмади. Бу уйда Иброҳим икки соатча одам кутиб ўтирди. Охири туриб, отасининг хонасига кирди.

Мафтуна шу пайтгача энг хунук, тасқара бола ҳали тўрт ёш бўла туриб, бунча обрўга эга бўлади, деб сира ўйламаганди. У Иброҳимнинг тиловатини эшитмади. Эри келиб, барини гапириб берди. Шунингдек, Зоир унга айнан Иброҳимни урганлиги сабаб ўзи касал бўлиб қолганини ҳам қистириб ўтди.

— Бўлиши мумкинмас, — деди эрининг сўзларига ишонмаган Мафтуна, — муштдайгина бола қандай қилиб бир юмалаб авлиё бўлиб қолади? Ўйлаб гапиряпсизми?! Бундай мартабалар, масалан, сизга ўхшаган кўркам йигитларга берилади. Келиб-келиб, тасқара авлиё бўлиб қоладими?! Дадаси, гапимга ишонинг. Фолбин бекордан-бекорга оилаларингда битта нуқсон бор, деб айтмади.

— Нима, мен энди шу фолбиннинг гапи билан юрайинми?!

— Йўқ, юрманг. Лекин фолга ишонма, фолсиз ҳам юрма, деган гап бор. Шунга қараганда, эҳтиёт бўлишимиз керак. Мана, ўша тасқара туғилганига қанчагина бўлди? Ҳеч қанча. Бор-йўғи тўрт йил. Шу тўрт йилда қайнонам бечора раҳматли бўлди. Биласиз, онангиз қанчалик тетик аёл эдилар. Ҳали-бери ўлади, деб ўйламасдингиз. Мен юзга киради, деб хаёл қилардим. Аммо Иброҳим туғилиши билан чўкиб қолди… Ҳозир юрса бўлмасмиди набираларининг ардоғида… Ундан кейин қайнотам нима бўлди?! Қадамидан ўт чақнарди. Кўрган одам салобати зўрлигидан икки букилиб салом берарди. Энди ўйлаб кўринг, шу ёшларида болали бўлганидан кейин бақувват бўладими? Худди шундай. Энди айтинг, нега бирдан касал бўлиб қолди?..

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: