Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (20-қисм)

— Мен қаердан билай? — деди Зоир хотинининг юзига тикилиб. — Шундай бўлиши керак бўлган…

— Йў-ў-ў-қ, дадаси, бу ерда бир гап бор. Эътибор берсангиз, аввал қайнонам раҳматли шу маймунчани еру кўкка ишонмасди. Ҳамма нарсанинг энг яхшиси Иброҳимжонга эди. Сизга, сизнинг болаларингизга шимилдириқ ҳам йўқ эди… Аммо бирдан ўтиб қолдилар. У пайтлари, биласиз, қайнотам Иброҳимни унчалик ҳам ёқтирмасди. Шунинг учун соғ юрганди. Лекин қайнонам ўтиб қолганларидан кейин бирдан, кутилмаганда, қайнотам — сизнинг отангиз Иброҳимни яхши кўриб қолди. Ширинлик бўлсаям Иброҳимга, кийим бўлсаям Иброҳимга, яна унинг тасқаралигидан уялмай бир жойларгаям олиб борарди. Айтинг, сиз бир марта бўлса ҳам эшоннинг ҳовлисига ёшлигингизда кирганмисиз?

— Йўқ.

— Лекин Иброҳим кирди. Нафақат кирди, уникида анча вақт қолди. Шу муллачиликни бошқа болаларига ҳам ўргатса бўларди-ку. Лекин ундай бўлмади.

— Менга қара, миямни ачитиб юбординг.

— Сиз гапимни охиригача эшитинг!.. Ана шу яхши кўришлардан кейин қайнотам касал бўлиб, ундан сўнг омонатини топширдими?

— Хўш!

— Нима, хўш? Фолбиннинг гапи тўғрими шунда? Уйларингизда битта фалокат бор деганди.

— Билмайман. Нима қилишимни хоҳлайсан?

— Шу Иброҳим биздан сал нарироқ бўлсин, дейман. Унинг муллачилигиям, бошқасиям керакмас. Бориб қаерда амалини қилмаса, шу ерда қилсин. Ундан кейин агар индамай юраверсангиз, акаларингиз қўшқўллаб мана шу уйни Иброҳимга топшириб юборишади.

— Барибир, бу уй бизники бўлмайди. Соҳиб ҳам бор.

— Соҳибни ўзимиз катта қиламиз. Ўзимиз уйлантирамиз. Ана ундан кейин бирор жойга уй-жой қилиб чиқарамиз. Соҳиб муаммомас, мен сизга айтсам. У бемалол Россияга бориб ишлаши, бизга пул жўнатиб туриши мумкин. Бўз бола. Бунинг устига, келишган. Шундай экан, балки Россияда бирорта ўрисни топиб уйланиб, шу ёқларда қолиб кетиши ҳам мумкин. Лекин Иброҳимни қаерга жўнатасиз? У ҳатто қишлоқнинг кўчасига ҳам чиқолмайди-ку. Чиқса, ҳамма унинг устидан кулиб ташлайди-ку.

— Майли, мен акаларим билан бир гаплашиб кўрайин. Балки, Иброҳимни бирортаси олар.

— Актам акангиз олгани маъқул.

— Нега?

— Арслон акангиз бошидан Иброҳимни ёмон кўради. Эсингиздами, дўхтирларга пул бериб ўлдиртириб юбормоқчи бўлганди.

— Эсимда. Буни кеча ўзига ҳам айтмоқчи бўлдим.

— Ҳасан-Ҳусанлар ҳам бўлмайди. Чунки ҳали уларнинг ўзлари бундай уй-жой қилиб чиқишмаган. Ҳали шошмай туринг, улар ким нималар деб бошингизга келишади.

— Миям ачиб кетди. Анавиндан қолганми?!

— Нимадан?

— Ўзингни гўлликка солма.

— Ҳа, битта бор.

— Шуни закуска-пакуска билан секин уйга олиб кириб бер. Биров кўрмасин.

— Лекин кейин ҳиди келади-да…

— Уйдан чиқмайман. Кеча қанча азобланганимни биласанми? Бунинг устига, бугун ҳам ўзимдамасман. Айтганимни қил. Лекин умуман ҳеч кимга сездирма. Ундан кейин ким мени сўраса, мен уйда йўқман, тушундингми?

— Ҳа-а, тушундим. Бундай тушунадиган хотинни қаердан топасиз?

— Шу гапинг учун еб қўярдим-у, лекин олдин озроқ дам олайин.

— Бўпти, сиз уйга кираверинг.

Мафтуна ўзида йўқ хурсанд эди. Ахир ичидаги ҳамма дардларини эрига айтиб олди. Назарида, эри унинг ҳамма гапларига кўнди. Бир-икки кун ўтсин, кейин секин Иброҳимнинг думини тугиб юборади. Ўзиям роса ёмон кўради. Айниқса, шу тасқара сабаб, дард орттириб олганидан кейин янаям ёмон кўрди… Лекин шу одамлар келиб, унинг хаёлини чалғитиб қўйишди-да. Тавба, мулла бўлган эмиш. Хўш, мулла бўлса нима қилибди?

Бошида яна қора булутлар пайдо бўлаётганидан бехабар Иброҳим ухлаб қолди. Уни ҳеч ким безовта қилмади. Шу боис тўйгунича ухлади. Сўнг туриб, дарров бориб таҳорат олиб келди. Отасининг чопонини ҳидлади. Сўнг токчада турган қутичани кўриб қолди. Беихтиёр уни олиб, қутини очди ва не кўз билан кўрсинки, Қуръон…

Унинг юзига бирдан табассум югурди. Китобни ўпди, юз-кўзига сурди ва шу жойнинг ўзига ўтирди-да: «Аъу’зу билла’ҳи минаш шайтонир рожийм», дея китобни очди… «Фотиҳа» сурасини ўқиди. Ундан кейин «Бақара» сурасига ўтди… У китобдан кўз узмасдан тиловат қиларди. Берилиб кетганди. Вақт ўтаётганлигини сезмасди. Қуръондаги энг катта сурани дарров тугатди, кейин навбатдагисига ўтди…

Кеч тушганини билмай қолди. Эҳтимол, кейин ҳам қоронғиликни сезмаган бўларди, агар чироқни ёқиш учун ўрнидан турмаганида. Чироқни ёқди ва ҳовли томондан келаётган ғала-ғовурни эшитди. Кейин эшик очилиб, Ҳасан кириб келди.

— Сен шу ердамисан? — деди Иброҳимга.

— Ҳа, — дея киприкларини пирпиратди Иброҳим.

— Бундай овоз бериб қўймайсанми, одамни қўрқитиб юбординг.

— Мен билмадим.

— Арслон аканг сўраяпти, овқат едингми?

— Йўқ.

— Чиқ, тераскага кир. Ҳамма шу ерда. Мерос бўламиз.

— Нима у? — деди ҳайрон бўлган Иброҳим.

— Борганингдан кейин билиб оласан. Ўзи бу ерда нима қилаётгандинг?

— Қуръон тиловат қилаётгандим. Отамнинг Қуръони бор экан.

— Ҳа-а… Бу ерда яна нима бор?

— Билмайман.

Ҳасан Иброҳимни четлаб ўтиб, токчада очиқ ҳолда турган Қуръонни олмоқчи бўлди. Шунда бирдан Иброҳим бақириб юборди:

— Таҳоратсиз тегиб бўлмайди!

Ҳасан чўчиб тушди-да, бирдан ортига бурилди.

— Нимага бақирасан? Тегинсам нима қилибди?

— Гуноҳ бўлади, ака.

— Ҳа-а, шундай демайсанми?! Лекин бақириб юрагимни ёрдинг. Бўпти, ана, тегинмадим. Юр, кетдик…

Ҳамма қизлар ва ўғиллар йиғилган эди. Ҳатто Мафтуна Зоирни уйғотишга мажбур бўлди. Чунки у ичганидан сўнг ухлаб қолганди. Уйғотмасди, агар муҳим масала бўлмаганида. Ҳиди келмаслиги учун дарров эрининг оғзига сақич тиқиб қўйди. «Акаларингиздан узоқроқ ўтиринг», деди.

Аммо Актам дарров сезди. Кўзини олайтирди.

— Нима, сен тортиб олдингми?! — деди жаҳли чиқиб.

— Йўғ-э, нимага тортаман? Томоғимга Мафтуна компресс қилди. Ёмон оғриди, — дея баҳона қилди Зоир.

— Қарагин-да, — деди Актам.

Мерос бўлиш бошланди. Иброҳим ухлаган уйдан сандиқ олиб келинди. Унда икки миллион сўмдан бошқа айтарли ҳеч нарса йўқ экан. «Ҳаҳ, — дейишди акалар, — бу отамиз пенсияни нима қилган экан? Отнинг калласидай пенсия оларди-ку». Аммо жавоб бўлмади. Чунки ота пулларини қаерга ишлатганини ҳеч ким билмас эди. Кейин ота кийган кийимлар бўлинди. Болалар истар-истамай олишди. Иброҳим чопонни ушлади. Ҳадди сиғиб сўрагани шу чопон бўлди.

— Нима қиласан сен? Кўрпа қилиб ёпиниб ётасанми? — деб кулди Гулбаҳор.

— Отамнинг ҳиди бор…

Бундай жавобни ҳеч ким кутмаган эди. Шу боис ҳамма қотиб қолди…

Навбат уйга келди. Даъвогарлар кўп эди. Ҳасан, Ҳусан, Зоир…

— Аслида, ҳамма оилада уй кичкинага қолади.

Арслон шундай дейиши билан ҳамма бирдан Иброҳимга қаради. Иброҳим ўғрилик устида қўлга тушгандай қизарди.

— Лекин у муштдай бола, — деди акасига жавобан Зоир.

— Ҳа, шундай.

— Битта гапни айтсам, ака.

— Айт, — деди Арслон Зоирга.

— Шу уй менга қолса…

— Нимага? — деди бирдан Ҳасан.

— Иброҳим, Соҳиб, ундан кейин менман. У иккови кичкина.

— Улар катта бўлгунча сенда бўлади. Лекин катта бўлганларидан кейин…

— Ҳа-а, ака, — дея гапга аралашди Мафтуна, — катта бўлаверишсин-чи, келишиб оламиз.

Шу пайтгача бирорта ҳам овсин орага суқилмаганди. Мафтуна биринчи бўлди.

— Нимани келишасан? — деди бирдан қовоғи осилган Арслон.

— Ҳали булар қишлоқда туришадими, йўқми? — дея бирдан вазиятдан чиқмоқчи бўлди Мафтуна.

— Турадими, турмайдими, гап шу: уй Иброҳимга.

Зоирнинг ичидан зил кетди.

— Бўпти, мен унда эртадан чиқиб кетаман. Фақат битта шарти билан. Менинг уйимни қуриб берасизлар. Уй-жой учун ерим бор, лекин бир ўзим қуролмайман. Қуриб берасизлар, тамом-вассалом. Овқат ейдими, очликдан ўладими — бу иккаласи билан ишим йўқ.

— Сен бирдан ҳовлиқиб кетма. Ҳали сенга биров эртага чиқиб кетасан, деяптими?

— Демасаларингиз ҳам тушуниб бўлдим. Ўн беш йил ўтар, йигирма йил ўтар, ана ундан кейин мен вояга етган болаларим билан бирга кўчада қоламан, шундайми?

— Унгача бир гап бўлар, — дея гапга аралашди Актам.

— Ҳеч гап бўлмайди. Мен қаердан топаман маблағни? Ҳар йили олти ой Россияда юраман. Мениям мошина мингим келади. Мениям ўйнаб-кулгим келади. Ҳали олдимда тўй қилишим бор! Бундай гапираётганда бир нимани ўйлаб гапирингизлар.

— Ундай бўладиган бўлса, Ҳасаннинг ҳам уйи йўқ, Ҳусанникиям йўқ. Улар нима десин?! — деди Актам.

— Биттаси сизнинг уйингизга кўчиб боради, биттаси Арслон акамникига! Мен кўчага чиқиб кетаман. Бу ерда Соҳиб билан Иброҳим қолади. Ана шундай қилсак, тўғри бўладими?!

— Зоир, ўзингни бос, — деди Гулбаҳор, — ҳе йўқ, бе йўқ, ҳали отамнинг тупроғи совимай туриб тўполон қиляпсан!

— Опа, сизга билинмайди. Сизнинг уйингиз бор. Лекин менинг нимам бор?!

— Гап бундай: ҳаммамиз топганимизни ўртага ташлаймиз. Кимнинг уйи бўлмаса, биргалашиб навбатма-навбат уй қурамиз. Барибир, бу уй эски. Эрта бир кун бузилади. Ана, қишлоқда деярли эски уй қолмаган. Кимга қарасанг, бузиб қуряпти. Шундай экан, Зоирбой, агар сен уйда қолган тақдирингдаям харажатдан қочиб кетолмайсан.

— У ёғини бир гап қиламан.

— Биз сенга эртанинг ўзидаёқ уйни бўшатасан деяётганимиз йўқ. Ундан кейин Ҳасан билан Ҳусан ҳам бор. Бу ёқда ўзимизнинг болалар ҳам катта бўлиб келишяпти. Ҳализамон уларга ҳам уй керак бўлади…

— Бўпти, ҳозирча мен ўзим тураман. Ана, Соҳиб мен билан туради. Лекин Иброҳим-чи, уни ким олади? — дея Зоир ўжарлик билан йиғилганларга кўзларини олайтириб қараб чиқди.

Эри шу гапни топиб айтганидан Мафтуна ич-ичидан хурсанд бўлди.

— Иброҳим ҳам шу уйда яшайверади. Унинг бировга зиёни тегмайди, — деди Арслон.

— Тегмайди?! Тегди-ку! Сал қолса, ўлиб қолай дедим-ку. Ундай фалокатнинг менга умуман кераги йўқ!..

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: