Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (21-қисм)

Иброҳим ўзи ҳақида бўлаётган гап-сўзларга тушуниб-тушунмай ўтирарди. У бир нарсани яхши англаб етди: ўзининг ҳеч кимга кераги йўқ. Бир пайтлар онасига керак эди, отасига керак эди. Энди ҳеч ким унинг уйда бўлишини истамайди. У: «Ҳеч кимга менинг зиёним тегмайди. Ўлиб қолсам ҳам ҳаммангизнинг хизматингизни қиламан», дегиси келар, лекин айтолмасди.
— Бўпти, — деди охири Арслон, — Иброҳим Ҳасан билан яшайди!
— Нима?! — деди бирдан Ҳасан. — Нега мен билан?! Мен ўзим битта уйда болаларим билан тиқилиб яшаяпман-ку!..
— Йўқ, ётиш-туриши сенинг уйингда бўлмайди. У отам яшаган уйда ётиб-туради. Қолган пайт унга сен қарайсан.
— Ҳа, ундай бўлса, майли, — деб кўнди Ҳасан.
Бироқ унинг қарашига ҳожат қолмади. Эртасига Сайфулла эшон Арслоннинг уйига келди. «Иброҳимни олиб кетаман. Отангга ваъда берганман», деди.
Айни муддао. Арслон Сайфулла эшон билан бирга Ҳасаннинг ёнига келди. Бўлиб ўтган гапларни унга айтди ва Сайфулла эшон Иброҳимни олиб уйига жўнади.
Иброҳимнинг қувончи чек-чегарасиз эди. Ахир у кейинги кунни ҳам… Яхшики, бахтига Қуръон бор экан. Қорни очқади. Ҳовлига чиқди. Биров менга бир бурда нон берармикан, деб аланглади. Аммо уни чақиргувчи бўлмади. Шундан кейин у яна уйга кириб, Қуръон тиловати билан машғул бўлди. Мана, у мутлақо кутмаганда, устози келиб уни олиб кетяпти. Ахир бунинг учун қувонмасинми?
Устозининг уйида унинг биринчи қилган иши овқат ейиш бўлди. Сайфулла эшоннинг аёли дастурхон тузаб, уни кутиб турган экан. Иброҳимни кўрди-ю, уни бағрига босди, юз-кўзларидан ўпди. «Бунча дом-дараксиз кетдинг?» деб ўпкалади. Сўнг дастурхон атрофига ўтқазиб ош берди.
Иброҳим худди жаннатга тушиб қолгандай эди: Барнони ўйнатади, Нурсултон билан бирга уй юмушларига қарашади. Қуръондан оятларни ёд олади. Устозига ўқиб бериб, назоратидан ўтказади. Егани олдида, емагани кетида. У ҳатто овқат тўғрисида умуман бош қотирмайди…
Кунлар, ойлар бир-бирини қувиб ўтаверди, ҳаш-паш дегунча икки йил ортда қолди. Бу пайтга келиб, Иброҳим қорига айланган эди. Энди уни устози ва, умуман, шу оиладагиларнинг ҳаммаси, ҳатто уч ёшга қараб кетаётган Барно ҳам «қори ака» деб чақирар эди. Иброҳим учинчи синфгача бўлган ҳамма дарсларни ўзлаштириб олди. Яъни у ёзади, ўқийди, қўшиш-айириш у ёқда турсин, кўпайтириш-бўлишларни ҳам билади. Булардан ташқари, бўйи анча чўзилган, билаклари ҳам кучга тўлиб қолганди. Эндиликда у устози билан ёнма-ён томорқа ишларини ҳам қилаверарди. «Бу ишларни қилишингга ҳали анча эрта. Сен болаликни маза қилиб ўтказишинг керак», деб уни устози қанча қайтармасин, барибир, кетмонни олиб томорқага кираверарди. Кейин улар сабзавотларнинг асосий қисмини томчилатиб суғоришарди. Яъни кўчат ёнига ёғоч қоқишар, унга ўн литрлик баклажкани маҳкамлаб қўйишар ва шу баклажкага сув қуйишарди. Ҳеч ким бунинг учун челаклаб сув ташимасди. Сайфулла эшон эллик тонналик бочкани ердан уч метр баландга кўтариб қўйган: у сув билан тўлдирилган ва шланг ўрнатилган. Узоғи билан ўн-ўн беш дақиқада баклажкаларни сувга тўлдириб чиқиш мумкин.
Ер катта ва иш кўпдай кўринади. Бироқ барча юмушлар осон бўлганлиги боис, дарров адо қилиниб, оила аъзолари баъзан бекор қолиб кетишади. Энди бу хонадонда бекорчи деган гапнинг ўзи йўқ. Энг муҳим масала — Қуръон ўрганиш…
Сайфулла эшонни Иброҳимнинг мактабга бориши ўйлантириб келаётганди. Уйда-ку, ҳеч ким унинг устидан кулмайди. Қайтага, ҳавас қилишади одобига, хотирасига, тиришқоқлигига. Лекин мактабга борганидан кейин у ерда бегоналар кўп: ҳар хил оилалардан келишади улар. Иброҳимни яккалаб, бўлар-бўлмас гаплар билан руҳини чўктириб қўйишмайдими — ана шу нарсалар уни кўпроқ ўйга толдирар эди… Аммо… Аммо у Иброҳимни бой бериб қўйди…
Узум ғарқ пишган эди: ўта сифатли эди. Харидор келди. Сайфулла эшон улгуржи сотди. Кейин узум узиш бошланди. Юқори қаватдагиларнинг ҳаммасини Иброҳим чаққонлик билан узиб тушди…
Яшиклар узум билан тўлди. Энди уларни кўчага олиб чиқиш ва шу ерда турган юк машинасига ортиш керак эди… Ҳеч ким қараб тургани йўқ. Нурсултон, Иброҳим, Сайфулла эшон ва харидорнинг ўзи икки шериги билан. Кейинчалик харидорнинг шерикларидан бири юк машинасига чиқди. Ана шу пайтда Иброҳимни унинг Ҳасан акаси кўриб қолди. У машинада ўтиб кетаётганди. Арзимаган пулга олинган электромобилида. Чунки ҳозир янгидан-янги машиналар чиқиб кетди. Олдин электромобиль чиққан бўлса, ундан сал ўтмай, водородда юрадиган машина чиқди. Буни оддий сувда юрадиган машина ҳам деб айтиш мумкин… Лекин қизиқ томони нимада, биласизми? Машинадан сув қиммат. Ичимлик суви… Хуллас, Ҳасан укасини кўриб қолди. Гарчи орадан икки йилдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, бир қарашдаёқ уни таниди. Танимай бўладими? Қўллари узун, маймунга ўхшаб юради. Аммо ўша пайт у тўхтамади. Ўтиб кетди. Фақат кейин калласи ишлаб қолди. «Ишга кетаман. Россияга. Чиптани олдим. Лекин уйдаги мол-ҳолга қарайдиган одам йўқ. Қолаверса, томорқа бор. Ҳар ой беда ўриш керак. Яқинда макка пишади, уни ўриш керак. Мана, узумлар ҳам пишди. Мениям кишмиш узумим бор: уни узиб, офтобга ёйиш керак… Ўзимнинг ўғлим чирик, яқинда тўртинчи синфга ўтади, лекин ҳалигача базўр йиғлаб нонини ейди. Худо отамга мўл-кўл ўғил берди. Аммо меники бор-йўғи битта. Қизиғи, Ҳусанникиям битта. Иккаламиздаям иккитадан қиз бор… Хотиним шаҳар биқинидаги туманга қатнайди. Мардикорликка… Энди жуда мардикор, деб бўлмайди. Сабаби, улар боғларда ишлашади. Мева-чева теришади. Помидор, бодринг теришади. Хуллас, мана шунақа ишларга боради. Эрта тонгда кетади, қоронғида қайтади. Униям уйга қарашга вақти бўлмаяпти. Бу ёқда бўлса, Иброҳим… Қўлидан иш келадиган Иброҳим беш-бегонанинг чўрилигини қилиб юрибди. Бу эшон бир-икки сўм берганида ҳам майли эди. Бермайди-да. Фақатгина қорнини тўйғазиши мумкин. Аммо баҳонаси бор: «Эскиликни ўргатяпман…» Отам васият қилиб кетган эмиш… Отам васият қилган бўлса, бир ойга дегандир, икки ойга дегандир, ана боринг, олти ойга дегандир. Ҳар қалай, «менинг тасқара боламни бир умрга уйингда сақлайсан», демагандир. «Қулдай ишлатасан», демагандир… Аслидаям, Арслон акам уни менга берган. «Сенинг уйингда туради», деган… Роса бошим қотиб юргандим».
Шундай ўй-хаёлларда Ҳасан уйига борди. Уйида ҳеч ким йўқ. Чумчуқлар чириллашиб у ёқдан бу ёққа учиб юришибди. Яна қанчаси эгаси йўқ сўрига қўниб, роса пишган узумларни паққос тушириш билан овора. Бундан ташқари, майналар юрибди. Улар узумларни бутунлай ютяпти. «Онангни эмгурлар!» деб Ҳасан қўлига илинган нарсани қушларга қарата улоқтира бошлади. Қизлар қани? Анави дардисар бола қани? Отаси йўқ, онаси йўқ, ким қайси гўрларга йўқолиб кетишган!
— Нормуро-о-о-д! — дея бақирди у.
Нормурод Ҳусанникида. Зулайҳо билан Зебинисо ҳам шу ёқда. Ҳусан укасининг уйи узоқмас. У қўшни. Оралиқларида беш сотих ер бор. Беда экилган. Болалар отанинг овозини эшитишди. Улар оталаридан унчалик ҳам қўрқаверишмайди. Айниқса, Нормурод. Чунки Ҳасан ота бўлиб тузукроқ дакки бермаган. Қандай уришсин? Ёлғиз ўғил бўлса. Меросхўри бўлса… Қизиқ томони, ҳали ёш. Ҳали яна бир нечта фарзандларни туғдириши мумкин. Аммо ўзига ўзи шундай ҳукм ўқиб қўйган: «Меросхўрим!»
Нормурод биргина овоз берди, аммо югуриб келмади. Секин келди. Зулайҳо билан Зебинисо ҳам келди.
— Қаерда санқиб юргандинглар?!
Дўқ қизларга қаратилганди.
— Ҳусан амакимникида эдик, — дея оҳиста жавоб қайтарди Зулайҳо.
— Уникида пишириб қўйганмиди?!
—…
— Бирдан майналар билан чумчуқларни ҳам ўзларинг билан бирга олиб кетмабсанлар-да?! Эртага мен емайман шу узумни, ҳаммаси сенларнинг томоқларингдан ўтади. Ўласанларми қўрисанглар!..
—…
— Гап шу: агар бирортанг узумнинг тагидан бир қадам силжисанг, оёғингни уриб синдираман!..
Бу пўписа ҳам қизларга тегишли эди. Улар бошларини эгиб миқ этмай туришарди.
Ҳасан уйга кирди. Тилининг тагига бир чимдим нос ташлади. «Мана битта исбот! — деди яна ўзига-ўзи. — Агар Иброҳим уйда бўлса, у ҳеч қаерга кетмайди. У бировга қўшилолмайди. Бошқалар унинг устидан кулишларидан қўрқади. Шундай экан, уйда қимирламай ўтиради. Лекин битта муаммо бор. Мен ўзим Сайфулла эшонникига боролмайман. Қандайдир эшоннинг салобати босади. Акаларимдан бирортасини олиб боришим керак. Энг яхши вариант — Арслон акам!..»
Хаёлига шундай ўй келиши билан у ташқарига чиқди. Носини туфлаб, оғзини чайди. Кейин қараса, қизлари бир-бирига рўпара бўлганча ерга ўтириб олиб, тош ўйнашяпти. Аслида, улар телефон ўйнашаётганди. Аммо эшик очилиши билан телефонни яширишди. Бунинг ўрнига майда тошчаларни олишди. Бу тошчаларни олдиндан тайёрлаб қўйишган эди. Ҳасан улардан Нормуродни сўради. Яна Ҳусанникига кетганлигини билди. «Ҳаҳ, қулоқсиз бола!» дея кўнглидан ўтказди. Сўнг машинага ўтирди…
Уни қайнонаси яхши кўраркан: акаси кабоб пишираётган экан. У бир ўзи эмасди. Ҳовлининг ўртасидаги ўрик дарахти остида — чорпояда яна икки киши ўтирарди. Дастурхон тузалган, анави зормандадан ҳам бор. Биттаси яримлаган, иккинчиси ҳали очилмаган.
Акаси Ҳасанни яхши кўради. Бунақа пайтларда қовоғини уйиб кутиб олмайди.
— Ў-ў-ў, зўр бўлди келганинг! — дея ҳайқирди у. — Анави икки пандавақи чорпояда ўтирволиб, нуқул мени югуртиришаётганди!..
Унинг гапларига чорпоядагилар хохолаб кулишди.
— Ҳа-а, қутулиб қолдинг! — деди улардан бири.
— Ука, — дея ўрнидан турди Арслон Ҳасан ёнига бориши билан унинг саломига алик олиб, — сен манави шашликларни пишир. Кейин биз билан ўтирасан.
Ҳасан унинг қўлидан юмушини олди. Арслон улфатларининг ёнига бориб, чорпояга чиқди. «Қуй-қуй», деган гаплар бошланди. Кейин пиёлаларнинг тўқнашгани эшитилди.
Кабоб ўзи пишиб қолган экан, шу боис Ҳасан дарров уларни қўрадан олиб, ликопчага устма-уст тахлади-да, ҳидидан сўлаги оқиб, чорпоядагиларга олиб бориб берди. Улфатлар уни шу заҳоти чорпояга чиқаришди. Олдин «эллик» қуйишди: Ҳасан ўзини тутиб туролмади.
У ёғи гап қизигандан-қизиди. Ўша қизиқ гапларга ора-чора кулги ҳам қўшилиб турди. Ҳар иккала шиша ҳам тугади. Арслон укасини дўконга югуртирмади. «Уйга кирсанг, яна иккита турибди. Олиб кел ҳар икковиниям», деди.
Ҳасан кўз очиб юмгунча акасининг айтганини бажарди. Кейин яна кабоб пишириб келди ва шишалар бўшашига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.
Ҳамма алжираб қолди. Айниқса, Арслон. Чунки бошқалар қолдириб-қолдириб ичаётганида, у пиёлада қанча бўлса, ҳаммасини бир кўтаришда ютиб юборарди…
Ҳасаннинг ҳам кайфи анча ошиб қолган экан. Уйига қайтаётиб, мисқоллаб пул йиғиб сотиб олган машинасини дарахтга уриб олишига сал қолди.
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.