Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (23-қисм)

Шу заҳоти Сайфулла эшоннинг ранги оқарди. У ака-укалардан ҳар қандай гапни кутганди, аммо бунақаси етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди.

— Нима? — деди у киприкларини пирпиратиб. — Чўри қилиб ишлатаётган эканман?!

— Ҳа, худди шундай. Одамлар шундай дейишяпти, — дея кўзини олиб қочди Ҳасан.

— Ким экан ўша одамлар?

— Энди бирма-бир отларини айтиб чиқмаймиз-ку, — деди Арслон.

— Лекин…

— Мулла бобо, лекин-пекини йўқ, укамиз биз билан бирга кетиши керак. У қанча ўқиши керак бўлган бўлса, ўқиб бўлди. Энди бу ёғига ўқиганда бизга бир нима қилиб берармиди? Бунинг устига, сиз мактаб очмаган бўлсангиз, фалон жойни битирди, деган қоғоз бермасангиз. Шунчаки ҳаммадан бекитиб ўқитяпсиз. Яна…

— Ҳаммадан бекитиб?!

— Ҳа, шундай. Чунки бундай ўқитиш мумкинмас-ку. Агар Иброҳим сизнинг болангиз бўлганида тушунардик. Боласини ўқитибди-да, дердик. Иброҳим сизга бегона.

— Лекин отанг илтимос қилган…

— Битта гапни ушлаб олманг-да, — деди Арслон.

— Сизга ўхшаб яширинча диний таълим берганларнинг қанчаси қамалиб кетган, — дея акасининг гапига қўшимча қилди Ҳасан.

— Ҳимм, нималарнидир англагандай бўляпман-у, лекин барибир мен сизларнинг асл мақсадларингизни тушунмаяпман, — деди Сайфулла эшон.

— Мулла бобо, бизда ҳам ор-номус деган нарсалар бор. Биз ҳам шунча ака-ука бўла туриб, битта жигаримизнинг бировникида қул бўлиб ишлаб юришини истамаймиз. Биз ҳам қишлоқда бош кўтариб юришни истаймиз…

— Нимаям дердим? Олиб кетишни жудаям хоҳларкансанлар, олиб кетинглар. Лекин бир нарсани эсларингдан чиқарманглар: Иброҳим тирик Қуръон. Қуръонни таҳоратсиз ушлаш мумкин бўлмаганидай, Иброҳимга ҳам таҳоратсиз тегиб бўлмайди. Ҳатто саломлашиб ҳам…

Ака-укалар кулишди. Бир-бирларига қараб олишди.

— Хўп, — деди Арслон. — Ҳар қалай, укамизни хор қилиб қўймаймиз.

— Мен сизларга «хор қиласизлар» демаяпман. «У билан эҳтиёт бўлиб муомала қилинг», демоқчиман.

Сайфулла эшон Иброҳимни ёнига чақирди. Акалари олиб кетмоқчилигини унга айтди. Ортидан: «Сени бутунлай олиб кетишмоқчи», деб қўшиб ҳам қўйди. Иброҳимнинг мутлақо кетгиси йўқ эди. У Сайфулла эшоннинг хонадонини «ўзимнинг уйим, ўзимнинг ватаним» деб қабул қилиб қўйганди. Бу уйдан кетиш ҳамма нарсасидан айрилишдай бир гап эди. Бу ердан кетишдан қўрқарди у… Тил билан изоҳлай олмайди, бироқ ич-ичидан сезади. Унинг кўзлари ёшга тўлди.

— Бошқа иложим йўқ. Мен сенга бегонаман. Булар акаларинг, — дея Сайфулла эшон Арслон билан Ҳасанни кўрсатди.

— Лаа ҳавла валаа қуввата илла биллаҳ!..

— Худди шундай, — деди Сайфулла эшон унинг гапларини тасдиқлаб ва шогирдининг бошини силаб қўйди.

Иброҳимнинг кийимларини Сайфулла эшоннинг аёли йиғиштирди, Нурсултон билан Раъно онасига ёрдамлашди. Кийимлар кўп эмасди, аммо улар кўплашиб йиғиштиришди. Сабаби, Иброҳимдан нималарнидир сўрашни исташарди улар, лекин ўша нарса нима эканлигини билишмасди. Нурсултоннинг юзи ўта жиддий эди. Хонадон бекаси билан Раъно йиғламоқдан бери эди. Ахир улар Иброҳим билан бир тану бир жон бўлиб кетишганди. Аёл уни ўзининг ўғлидан-да ортиқ кўрарди… Энди у кетяпти.

Қўполлик шу ердан бошланди.

— Машинага чиқиб ўтир! — деди Ҳасан укасига дағаллик билан.

Иброҳим эса устози билан қучоқлашиб хайрлашди: худди мутлақо узоққа, океан ортига кетаётгандай. Сўнг йиғлади.

Аслида, эшоннинг ҳам ичи йиғига тўла эди. Аммо у кўз ёшини яширди.

— Нима қилишни ўзинг яхши биласан. Мен қўлимдан келганча ўргатдим. Қолганини катта бўлганингдан кейин бошқа устозлардан ўрганиб оларсан, — деди у шогирдига.

Барно ухлаб ётганди. У уйғониб, ташқарига чиқди-да, кўзини ишқалаб, Иброҳимни қидирди. Худди шу пайт эшон кўнгли алғов-далғов бўлганча дарвозадан кириб келаётганди.

— Қори акам қани? — деб сўради Барно.

— Қори аканг? Қори аканг… кетди, — дея жавоб қайтарди Сайфулла эшон бир амаллаб.

— Қачон келаркан? — дея сўради уйқусираган Барно.

— Билмайман, қизим.

— Айтиб кетмадими?

— Келишини айтмади.

— Сиз-чи, сиз сўрамадингизми?

— Сўрамадим.

— Эй-й, ўйнамоқчийдим, — деганча Барно ортига бурилиб кетди.

— Кўрдингизми? — деди Ҳасан ортга қайтаётганларида ёнида ўтирган акаси Арслонга. — Ўзиники қилиб олибди. Бергиси йўқ.

— Ҳа-а, буларнинг отаси ўлди, сўровчиси қолмади, деган-да. Ундан кейин орадан икки йил ўтиб кетди. Ҳамманг лаллайиб юрдинг. Ҳеч бирингнинг хаёлингга Иброҳим келмади, — дея жавоб қайтарди Арслон.

— Ака, мен эслаб турдим. Бир-икки марта келиб кетмоқчи ҳам бўлганман. Лекин нима биландир андармон бўлиб, эсимдан чиқиб қолган, — деди Ҳасан ва кўзгу орқали орқа ўриндиқда қовоқларини уйганча йиғламоқдан бери бўлиб ўтирган Иброҳимга кўз ташлаб қўйиб: — Чўричилик қандай бўлди? — дея иржайди.

Иброҳим унинг қараганини кўрмади. У дераза томонга тикилиб ўтирарди. Иброҳимнинг фикри-зикри Сайфулла эшоннинг хонадонида эди. Шу боис Ҳасаннинг гапларини эшитмади.

Арслон ортига ўгирилиб қаради.

— Нега жавоб бермайсан? — деб сўради Иброҳимдан.

— Нимага? — дея ҳайрон бўлди Иброҳим.

— Менга қара, бизнинг келишимиз шартмиди? Ўзинг катта бола бўлиб қолган бўлсанг, секин қочиб кетмадингми? Шу қулдай ишлатганига чидаб юравердингми?!

— Ким ишлатди? — деди Иброҳим яна ҳеч нарсага тушунмай.

— Ким бўларди? Анави эшон-да.

— Мени ишлатмади, — деб бурнини тортиб қўйди Иброҳим.

— Ҳасан кўрибди-ку яшик кўтариб юрганингни.

— Мен ўзим ишладим. Ишлагим келди, ишладим.

— Вў-ў-ў, эшитдингми, Ҳасан? Ишлагиси келибди, ишлабди. Ўзининг уйида иш тиқилиб ётибди. Бу бўлса бировнинг чўриси бўлишни хоҳлаб қолибди.

— Авраб олган-да, — деди Ҳасан йўлдан кўзини узмай.

Иброҳим эса бошини эгди. У акаларини аввалгидан-да баттар ёмон кўрди. Ҳатто юриб кетаётган машинадан тушиб қолишни истади.

«Ҳар қандай бемаза хаёл миянгга келдими, демак, шайтон ҳамла қилишни бошлаган. Бундан қутулишнинг йўли — Аллоҳни эслаш, зикр қилиш, Қуръоннинг сўнгги икки сурасини ўқишдир», деганди устози.

Иброҳим кўзларини юмиб, зикр қила бошлади. Овозини чиқармади, аммо лаблари қимирлар эди.

У Ҳасан акасининг уйига бориши билан «Қори» деган унвони «Маймун»га, «Тасқара»га айланди. Ҳасаннинг ҳам, Ҳусаннинг ҳам болалари шу ерда экан. Икки ўғил алоҳида битта телефонга тикилган, тўрт қиз битта телефон билан андармон эди. Ҳаммаси телефондаги ўйинларни ўйнаш билан овора эди. Улар ҳатто машина келиб тўхтаганини ҳам сезмай қолишди. Ҳасан сигнал чалганидан кейингина бошларини кўтариб қарашди. Шунда ҳам учтаси «дадам келди», деб, яна учтаси «амаким келди», деб шошиб қолмади. Ўтирган жойларида безрайганча ўтираверишди. Қачонки Иброҳим машинадан тушганини кўрганидан сўнг:

— Эй-й, дадам маймун олиб келибди! — дея ҳайқириб юборди Нормурод.

— Бунча тасқара! — дея Ҳасаннинг катта қизи Зулайҳо афтини бужмайтирди.

Улар илгари ҳам Иброҳимни кўришганди. Илгари ҳам уни шундай деб аташарди. Илгари Иброҳимга уларнинг бундай дейишлари унчалик ҳам оғир ботмасди. Бироқ ҳозир оғир ботди. Бироқ тишини тишига босди.

— Ҳов! — деди Арслон қовоғини уйиб. — Бу сенларнинг акаларинг!..

— Ўзимиздан кичкина болачани ака деймизми? — деб шу заҳоти сўради Ҳусаннинг ўғли Фарҳод.

— Кичкина бўлсаям, қара, ҳаммангдан бўйи узун, — дея Иброҳимни катта кўрсатмоқчи бўлди Арслон.

— Қўлиям узун экан! — деди Зулайҳо ва қиқирлаб кулиб юборди. Шу заҳоти унинг кулгисига ҳамма қўшилди. Ҳатто Арслон билан Ҳасан ҳам.

— Мен уйга кирсам… отамнинг уйига борсам майлими? — деб Иброҳим мўлтирабгина Арслонга қаради.

— Йўқ. Сен бугундан бошлаб Ҳасанникида яшайсан. Ҳам укаси, ҳам боласидай. Эсингда бўлса, ака-укалар, опа-сингиллар шундай келишгандик. Отангнинг уйи ҳозир бузилиб ётибди. Зоир уйни бузиб, бошқатдан қуряпти…

— Нима? — деди бирдан кўзи ёшга тўлган Иброҳим. — Бузилган?! Нимага бузади?

— Эскириб қолган уй эди. Талабга жавоб бермайди. Ҳамманинг уйи яп-янги, битта Зоирники эски бўладими? Хуллас, шундай гап, — деб Арслон Ҳасанга юзланди: — Бу қаерда ётади?

— Ошхонанинг ёнида томча бор…

— Эсинг жойидами?! — деди бирдан Арслон. — Буям маймунга ўхшаса-да, одам. Сенинг уканг бўлади…

— Дадамнинг маймунча укаси бор! — деб Нормурод бирдан қочишга тушди.

— Сени боланг аҳмоқ қиляптими? — деди Арслон югуриб кетаётган боланинг ортидан қараб.

— Фақат менимас, сизниям. Уфф! Ака, Иброҳимни болаларга қўшиб қўёлмайман. Ўзи тўртта хонам бор. Биттасида қизлар, яна биттасида Нормурод, биттасида биз. Тўртинчиси меҳмонхона, — дея бошини қашлади Ҳасан.

— Ҳа-а, майли, унда Нормурод билан тураверсин.

— У кўнармикан? Нормурод…

— Кўнмай қаёққа боради? Лекин болани ёмон талтайтириб юборибсан…

Уйдан рўмолини қайта ўраган кўйи Зиёда чиқиб келди: Ҳасаннинг хотини.

— Эй-й, Иброҳимжон келибди-ку! — деди у оёғига калишини кияркан.

Аслида, Зиёда ҳам ичкарида телефон томоша қилиш билан банд эди. «Инстаграм»да эди. «Инстаграм» унинг учун ўта зўр эрмак. У ерда ҳар нарсаларни кўрса бўлади. Ҳаттоки анавинақанги қиз ва эркакларни… У «Инстаграм»да ўтиришни яхши кўради. Агар биров индамаса, кун бўйи ўтириши мумкин…

Бироқ кутилмаганда ташқаридан келаётган овозларни эшитиб қолди ва эри келганини билиб, ётган жойидан турди.

— Энди ўзларинг бола қилиб боқиб оласанлар, — дея унга қараб иржайди Арслон, сўнг укасини туртди. — Битта ҳақ бераман деганинг эсингдан чиқмаган бўлса керак, — деб шипшиди.

— Гап йўқ, ака. Айтганим — айтган, деганим — деган.

— Иброҳим, кел, битта кўришайлик…

Бошида Зиёда қайнисини пешонасидан ўпиб қўймоқчи эди, кейин кўнгли бўлмади. Шунчаки истар-истамай қўлини узатди. Сўнг:

— Ҳозирча Нормуроднинг хонасига кириб, кийимларингни алмаштириб ол… — деди.

— Йўқ! — дея бирдан бақирди Нормурод ҳовлининг нариги четида туриб. — Мен билан турмайди!

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: