Наргиза Абдуллаева: «Қутилганимга шукр қиламан”
Актриса Наргиза Абдуллаева Наво телеканалининг “13-студия” дастури меҳмони бўлиб, шахсий ҳаётига доир очиқ ва самимий суҳбат билан кўпчиликни ўйлантирди. Дастурда телебошловчи Насриддин Насриддинов ундан биринчи турмуши ҳақида савол берди:
“Биринчи турмушингизни эслаш унчалик ёқмаслигини биламан. У оила севиш билан қурилмаган. Ҳатто айтишларича, дўстлари билан баҳслашиб, совчи қўйган йигит экан. Бугун ўша кунларни эсласангиз, нима ҳиссиётлар пайдо бўлади?”
Наргиза Абдуллаева бу саволга жуда очиқ жавоб қайтарди:
“Қизларга аймоқчиман: совчи келди деб дарров розилик бериш керак эмас. Ота-оналарнинг гапини эшитиш керак экан. Улар ‘бу йигит тўғри эмас’ дейишса, демак ростдан ҳам шошилмаслик керак.”
Актрисанинг айтишича, у 17 ёки 18 ёшларида турмушга чиққан:
“Ўша пайтда ёш эдим. Ўзим ҳам хоҳламаганман, лекин совчилар келавериб қуйишмаганлиги учун рози бўлганман. Кейин ҳатто тушимда кўриб чиқардим. Тушда кўрсам ҳам қўрқиб кетардим, терлаб уйғонардим — яна ўша оилами деб. Маънан эзилиш жуда ёмон экан.”
Унинг таъкидлашича, у ёшликда юзага келган қийналишларни ҳеч кимга айта олмаган:
“Одамларнинг маскаси ҳар хил бўларкан. Ҳеч кимни билиб бўлмас экан. Биз санъаткорларни эса айблаш осон. ‘Актриса-да’, деб ҳамма нарсани биздан кўради. Аммо аслида биз ҳам оддий инсонмиз, эҳтиромга муҳтожмиз.”
Актрисанинг ушбу самимий мулоҳазалари кўплаб томошабинларни ўйлантирди ва қизлар учун жиддий ҳаёт сабоғига айланди.
