Туркиянинг Тош тепаликларида неолит даврига оид 30 га яқин топилма аниқланди

Туркиянинг Тош тепаликларида неолит даврига оид 30 га яқин топилма аниқланди

Туркиянинг жануби-шарқидаги Ҳарран текислигида жойлашган бир қатор харобалар ва ёдгорликлар энг қадимги тарих ҳақидаги тасаввурларимизни тубдан ўзгартирмоқда. Шонлиурфа вилоятида неолит даврига оид 12 та қазиш майдонини ўз ичига олган Тош тепаликлар лойиҳаси бу йил беш йиллигини нишонлади. Бу қисқа давр мобайнида 12 000 йил аввалги ҳаёт ҳақида мисли кўрилмаган маълумотларни тақдим этувчи 30 та янги топилмаларни очиб берди.

Лойиҳанинг беш йиллигига бағишланган тадбир Караҳантепе зиёратчилар марказида бўлиб ўтди. Тадбирда намойиш этилган энг диққатга сазовор кашфиётлардан бири — Сайбурч ҳудудидан топилган, оғзи тикилган ҳолда дафн этилган инсон ҳайкали бўлди. Ушбу ҳайкал қадимги дафн маросимлари ва рамзий амалиётлар ҳақида муҳим тушунча беради. Шунингдек, археологлар ЮНEСКО Жаҳон мероси объекти бўлган Гўбеклитепадан деворга қурбонлик сифатида дафн этилган инсон ҳайкалини топдилар, бу неолит даври ҳайкалтарошларининг нозик эстетик ҳиссиётларини намойиш этади.

Сефертепенинг ўзига хос кашфиётларидан бири- иккита инсон юзининг бўртма тасвиридир. Улар юқори ва паст релеф усулларида ўйилган бўлиб, ўзига хос услуби билан бошқа ҳайкаллардан ажралиб туради. Энг қизиқарли топилмалардан яна бири — қора серпантинитдан ясалган икки юзли маржон бўлиб, икки томонига ифодали инсон чеҳраси ўйиб туширилган. Бу неолит даври ҳунармандчилигининг нодир намунаси сифатида тарихий аҳамиятга эга.

Инсоният тарихига янгича назар

Тадбирда нуқт сўзлаган Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ушбу аҳоли пунктларининг дунё тарихида янги саҳифа очганини таъкидлади. Топилмалар шуни кўрсатадики, 12 минг йил аввал Онадолуда турли кўламдаги зич аҳоли яшайдиган масканлар мавжуд бўлган. Бу эса тарихчилар аниқлаганидан ҳам анча олдин мураккаб ижтимоий тузилманинг мавжудлигини кўрсатади.

Вазир Меҳмет Нури Эрсой лойиҳа ҳақида тўхталиб, “Умид қиламизки, кенг қамровли тадқиқотлар Тош тепаликлар ҳудудини дунёнинг неолит даври пойтахти сифатида тасдиқлайди”, деди. Бу даъво, инсониятнинг кўчманчи овчилик ва термачиликдан ўтроқ жамиятларга ўтиши ҳақидаги анъанавий қарашларни ўзгартираётган узлуксиз кашфиётлар оқимига асосланган. Сайбурч, Сефертепе, Ҳарбетсуван, Чакмактепе, Енимаҳалле, Сўғут, Мендиктепе, Ёғунбурч, Гуржутепе ва Аянлар тепалиги каби ўнлаб қадимий манзиллар Неолит даврининг энг кам ўрганилган босқичларига қайта назар ташлашни тақозо қилувчи илмий ютуқлар галактикасини яратади.

Ўтмишни сақлаб қолиш учун халқаро саъй-ҳаракатлар

Тош тепаликлар лойиҳаси халқаро миқёсдаги кенг қамровли қазиш ишларини амалга оширади. Лойиҳага 36 академик муассаса — 15 таси Туркиядан, 21 таси халқаро — ва 12 ҳудудда бир вақтда ишлаётган 219 тадқиқотчи жалб қилинган. Ушбу халқаро ҳамкорлик ҳудуддаги бир-бирига боғланган қадимий масканларни чуқур ва тизимли ўрганишга имкон яратади.

Янги Гўбеклитепе зиёратчилар маркази ва Караҳантепе тадқиқот маркази қурилиши якунланмоқда. Тадқиқот маркази Тош тепаликлар лойиҳаси бўйича олиб бориладиган барча археометрик тадқиқотлар учун жиҳозланган бўлиб, бу топилмаларнинг илмий таҳлилини марказлаштирилган тарзда олиб боришга мўлжалланган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: