Қорақалпоғистонда 2 минг доллар пора сўраган солиқчилар ушланди
Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасининг 2 нафар бош инспектори Нукус шаҳрида озиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият фаолиятини текшириш давомида, гўёки 213 млн сўмлик солиқ қонунчилиги бузилгани аниқланганлигини айтиб, ушбу суммани 34 млн сўмгача камайтириб бериш эвазига МЧЖ раҳбаридан 2 минг АҚШ доллари талаб қилгани аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Бош инспекторлар тамагирлик йўли билан 700 АҚШ доллари ва 15 млн сўм пул маблағини ўртада воситачилик қилган собиқ солиқ идораси ходими орқали олган вақтларида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан учала шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
