Бирлашган Араб Амирликларидаги янги йил байрами рекорд ўрнатди
12.05.2026 00:23

Бирлашган Араб Амирликларидаги янги йил байрами рекорд ўрнатди

Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Даби шаҳри яна бир бор дунёни ҳайратда қолдирди.

Шайх Заид фестивали доирасида бўлиб ўтган Янги йил тантаналари шунчаки байрам эмас, балки технологик ва пиротехник санъатнинг ҳақиқий намойишига айланди.

Бу йилги шоу нафақат кўлами, балки давомийлиги билан ҳам тарихда қолди. Мушакбозлик шоуси нақ 62 дақиқа давом этди ва бу кўрсаткич бўйича янги жаҳон рекорди ўрнатилди.

Бундан ташқари осмонга бир вақтнинг ўзида 6 500 дан ортиқ дрон кўтарилди. Улар сунъий интеллект ёрдамида бошқарилиб, фазода мураккаб 3D фигураларни ҳосил қилди.

Қайд этиш керакки, тадбир давомида Гиннеснинг рекордлар китобига кирувчи бир йўла 4 та янги рекорд ўрнатилгани расман тасдиқланган. Хусусан, «Энг йирик дронлар тўплами» ва «Энг узоқ давом этган дронлар шоуси» каби номинацияларда ҳам ғалаба қозонилди. Дронлар осмонда айлантириб, БААнинг маданий ва тинчлик рамзларини акс эттирган.

Ташкилотчилар Ал-Васба туманида бўлиб ўтган ушбу шоуни томоша қилиш учун юз минглаб одамлар келишини инобатга олиб, махсус хавфсизлик чораларини кўрган. Ҳудудда 60 дан ортиқ ресторан ва овқатланиш шохобчалари, болалар учун ўйин майдончалари ташкил этилган. Шоу якунида мутахассислар пиротехника воситаларидан қолган қолдиқларни тозалаш ва экологик зарарни минималлаштириш бўйича ҳам ишлашган.

БАА бундай рекордлар орқали ўзининг туризм салоҳиятини ошириш ва дунёнинг энг инновацион давлатларидан бири эканлигини яна бир бор исботлашни мақсад қилган. Пойтахт Абу-Даби эса бу борада Дубай билан соғлом рақобатга киришган ҳолда, дунё сайёҳларини ўзига жалб қилишда давом этмоқда.

Араб диёрида бўлиб ўтган ушбу Янги йил шоусини бутун дунё аҳли жонли эфирлар орқали кузатиб борган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: