Фоҳишахона ташкил этган 29 ёшли “Бону” қамалди
Самарқанд шаҳрида фоҳишахона ташкил қилиш ва қўшмачилик билан шуғулланган “Бону” лақабли аёлга нисбатан суд ҳукми ўқилди. У 20 ёшли қизни 1 соатга 800 минг сўмга “пуллаган” вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳужжатда келтирилишича, жорий йилнинг 28 январь куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида 1996 йилда туғилган аёлга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган. Судланувчи Самарқанд шаҳри “Афросиёб” маҳалласида жойлашган хонадонда пул эвазига жинсий хизмат кўрсатиш учун шароит яратиб келган. 2025 йил 4 сентябрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида у 2006 йилда туғилган қизни эркак мижозга бир соатга жинсий алоқа қилиш учун таклиф қилган ва бу хизмат учун 800 минг сўм олган вақтида қўлга олинган.
Маълум бўлишича, “Бону” 2024 йил ноябрь ойида ҳам худди шу жиноят – фоҳишахона ташкил қилгани учун судланган ва унга шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ у синов муддати давомида ҳам жиноий фаолиятини тўхтатмаган.
Суд мажлисида айбланувчи айбини қисман тан олган. У барча ҳаракатларни таниши томонидан таҳдид ва босим остида амалга оширганини айтган. Аммо суд бу важларни тасдиқланмаган ва жавобгарликдан қочишга қаратилган баёнот деб баҳолаган.
Жабрланувчи ва гувоҳ сифатида сўроқ қилинган 20 ёшли қизнинг кўрсатувларига кўра, “Бону” мижозларни ўзи топиб, келишувни ўзи амалга оширган, пулларни тақсимлаш ва жой масаласини ҳам назорат қилган. У қизга хизматлари учун ҳар ой 10 миллон сўмдан бериб туришга ўзаро келишган.
У Жиноят кодексининг 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 4-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 60-моддасига асосан Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2024 йил 21 ноябрдаги ҳукми бўйича ўталмай қолган жазоси тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил 9 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазо умумий тартибли колонияда ўталиши белгиланган.
