Ўлими яқинлашганини сезган чол: «Уйимдагиларга кечқурун, соат 10 дан кейин хабар бер!»
Шифохонада ётган қариянинг аҳволи тўсатдан оғирлашиб қолди. Шифокор чолнинг афт-ангорини кўриб, чўчиб тушди:
— Ҳамшира!
Ўлими яқинлашганини сезган чол:
— Шошма, ўғлим. Сенга бир васиятим бор.
— Болаларингизга хабар бераман…
— Йўқ, шошма! Аввал гапимни эшит.
— Майли, айтинг.
Қария кўзларида ёш билан:
— Уйимдагиларга кечқурун, соат 10 дан кейин хабар бер, бу жуда зарур! Сабабини сўрама. Сўнгги илтимосим ва васиятим шу…
Шифокор ноилож рози бўлди. Чолнинг жони пешинга яқин узилди. Васиятга амал қилиб, уйидагиларга кечаси хабар қилишди.
Тунда етиб келган тўнғич ўғил:
— Кеч хабар берибсиз? — деди.
— Отангиз шундай васият қилди.
— Васият? — ўғил турган жойида котиб қолди. Кўз ёшлари ёноқларига оқиб туша бошлади, — Эҳ отагинам-а! Бугун мен тўй қилгандим… Ўғлимнинг тўйи бузилмасин деб, бечора отам ҳатто яқинлари билан ҳам видолашмабди-я…
