Саудия Арабистонида дунё рекордини янгилайдиган энг баланд бино барпо этилади

Саудия Арабистонида дунё рекордини янгилайдиган энг баланд бино барпо этилади

Саудия Арабистонида баландлиги 2000 метрни ташкил этувчи Rise Tower минораси қурилиши режалаштирилмоқда. Бино ҳозирги рекордчи – Дубайда жойлашган Бурж Халифа осмонўпаридан икки баробар баланд бўлади, дея хабар бермоқда Тimе Оut Dubai нашри.

 

Мажмуа 678 қаватдан иборат бўлиб, унга ҳашаматли меҳмонхоналар, юқори даражадаги ресторанлар, атрофни кузатиш учун мўлжалланган панорамали майдончалар ҳамда замонавий бизнес марказлари жойлаштирилади.

Ушбу осмонўпар бино Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёднинг шимолий қисмидаги Vision 2030 дастурининг марказий элементига айланиши кутилмоқда.

“Ушбу дастур Саудия Арабистонининг нефтьга қарамлигини камайтириш, иқтисодиётини хилма-хиллаштириш ҳамда давлат соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма, дам олиш ва туризмни ривожлантиришга қаратилган. У қиролликнинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириш ва шаҳар инфратузилмасини замонавийлаштириш стратегиясининг бир қисми ҳисобланади”, дейилади хабарда.

 

Шаҳарсозлик дастури доирасида нафақат икки километрлик минора, балки Саудия Арабистонининг иккинчи йирик шаҳри Жиддада бир километрлик осмонўпар бино қурилиши ҳам режалаштирилган.

Қайд этилишича, Ар-Риёднинг жаҳон рекордини янгилашга қодир улкан минора қуриш режалари 2023 йилдан бери ишлаб чиқилмоқда. Бироқ лойиҳа ҳали ҳам лойиҳалаш босқичида бўлгани сабабли тантанали очилиш санасигача ҳали анча вақт бор.

Дўстларингизга ҳам юборинг: