Италиялик эркак 20 та олтин қуймасини чиқиндига ташлаб юборди
Италиянинг Торре-Лапилло шаҳарчасида кутилмаган воқеа содир бўлди: 57 ёшли маҳаллий фуқаро ўзининг 20 та олтин қуймаси сақланган идишини беихтиёр чиқинди қутисига ташлаб юборди. Бу ҳақда RMF24 радиостанцияси хабар қилди.
Маълум бўлишича, эркак бир неча йил давомида қимматбаҳо металлга сармоя киритиб, тахминан 120 минг евро жамғарган. Бироқ у олтин сақланган идишни оддий маиший чиқиндилар билан бирга ташлаб юборганини фақат бир кун ўтгач англаган.
Вазиятни тушунган заҳоти у полицияга мурожаат қилди. Текширувлар натижасида чиқиндилар Уженто шаҳридаги махсус полигонга олиб кетилгани аниқланди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар у ерда қидирув ишларини олиб бориб, омадли тарзда олтин қуймалари сақланган идишни топишга муваффақ бўлишди.
Бу ҳодиса эҳтиётсизлик катта молиявий йўқотишларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор кўрсатди. Яхшиямки, бу сафар воқеа ижобий якун топиб, қимматбаҳо сармоя эгасига бутун ҳолда қайтарилди.
