Тошкентда мактабда отишма уюштириш ва “100 кишини ўлдириш” билан таҳдид қилган шахс руҳий-асаб касалликлари шифохонасига жойлаштирилди
Ижтимоий тармоқларда номаълум шахс фуқароларга қурол расмини кўрсатиб, уни қаердан харид қилиш мумкинлигини сўрагани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий ахборот берди.
Маълум қилинишича, 14 февраль куни Миробод тумани Тарас Шевченко кўчасида 2006 йилда туғилган, руҳий носоғлом С.М. ўзининг уяли телефонидан қурол суратини кўрсатиб, фуқаролардан уни қаердан сотиб олиш мумкинлигини сўраган. Шундан сўнг у воқеа жойидан кетиб қолган.
Ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида мазкур фуқаро аниқланиб, руҳий-асаб касалликлари шифохонасига жойлаштирилган. Якуний қарор қонунчилик асосида қабул қилиниши маълум қилинган.
Тармоқларда ушбу шахс мактабда отишма уюштириш ва “100 кишини ўлдириш” билан таҳдид қилгани ҳақида ёзилди. Гувоҳлар унинг 60-мактаб томонга йўл олганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентнинг Яшнобод туманида 2024 йил 1 июнда руҳий-асаб касалликлари диспансерида рўйхатда турувчи эркак қўшни аёл билан жанжаллашиб, сочидан тортиб судрагани ҳақида хабар берилганди. У руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.
Бундан ташқари, 2025 йил 19 майда Юнусобод туманида руҳий касал эркак ички ишлар ходимига пичоқ билан жароҳат етказганди. Ҳодиса жойига ички ишлар вазири ўринбосари ва Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти чиқиб, ўрганиш ишлари олиб борилган.
