Футбодимиздаги шубҳали можоролар: “Қўқон-1912” — “Насаф” учрашувидаги ҳакам мавсум охиргача четлатилди

Футбодимиздаги шубҳали можоролар: “Қўқон-1912” — “Насаф” учрашувидаги ҳакам мавсум охиргача четлатилди

9 апрель куни Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ПФЛ) Ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда сўнгги вақтларда Суперлига ўйинларида ҳакамлар томонидан қабул қилинаётган баҳсли қарорлар, VAR тизимидаги тушунарсиз ҳолатлар ва футбол жамоатчилигининг бунга кескин эътирозлари муҳокама қилинди.

Лига бош директори Диёр Имомхўжаев ҳакамлик тизимидаги шубҳали ҳолатларга тўхталиб, VAR тизими адолатни таъминлаш ўрнига, аксинча таассурот қолдираётганини таъкидлади:

“Биз ишонаётган VAR тизими ҳакамларга кўмакчи бўлиши лозим. Лига сифатли такрорий лавҳалар учун барча шароитларни яратиб бермоқда. Шунга қарамай, шубҳали қарорлар тўхтаётгани йўқ. Лига наздида VAR одилона қарор чиқаришдан кўра, кимларнингдир манфаати учун хизмат қилаётган машинага айланиб қолаётгандек.”
Йиғилишда Суперлига 6-тури доирасидаги “Қўқон-1912” — “Насаф” учрашувидаги ҳакамлик қарори қаттиқ танқид қилинди. Маълум бўлишича, Лига Футбол ҳакамлари марказидан (ЎзФҲМ) ушбу вазият бўйича VAR аудиоёзувларини талаб қилган, бироқ Марказ турли баҳоналар билан жараённи пайсалга солган. Бу эса Лиганинг шубҳаларини янада оширган.
Ижроқўм аъзолари бир овоздан қуйидаги қарорларни қабул қилди:
Ҳакамлар Рустам Лутфуллин ва Иброҳим Исмоилов мавсум якунига қадар Суперлига, Пролига ва Ўзбекистон Кубоги каби барча мусобақаларни бошқаришдан четлатилади.
Мазкур ҳакамларнинг халқаро тоифага (FIFA) муносиблигини ўрганиш юзасидан ЎФА президентига мурожаат киритилади.
VAR маркази фаолиятида шаффофликни ошириш ва конфиденсиалликни таъминлаш бўйича янги назорат механизмлари ишлаб чиқилади.

Мазкур айбловларга нисбатан Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ўз расмий муносабатини билдирди. Марказ аудиоёзувлар нега берилмаётганига қуйидагича изоҳ берди:

“FIFA ҳамда IFAB талабларига мувофиқ, VAR жараёнига оид ички аудиоёзувларни учинчи томонларга тақдим этиш тақиқланади. Ушбу материаллар ҳакамлик фаолиятига оид ички хизмат ҳужжатлари ҳисобланади.”
Шу билан бирга, Марказ очиқлик тамойилига амал қилишини билдириб, ПФЛ ва “Насаф” клуби вакилларини ЎзФҲМ биносига таклиф этди. У ерда барча техник материаллар асосида вазиятни биргаликда таҳлил қилиш ва тушунтириб бериш имконияти борлиги айтилди.

Эслатиб ўтамиз, Рустам Лутфуллин ўтган мавсумда ҳам “Динамо” — “Насаф” ўйинида VAR ишламай қолган вазиятда шубҳали пенальти белгилаб, эътирозларга сабаб бўлган эди. ПФЛ раҳбарияти бу каби ҳолатлар клублардаги истеъфоларга ва мухлисларнинг футболга бўлган ишончи йўқолишига олиб келаётганини алоҳида қайд этди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: