Apple’дан кутилмаган қадам: 3 та iPhone бир пайтда тақдим этилиши мумкин
Apple 2027 йил бошида одатдагидан фарқли равишда бир вақтнинг ўзида учта iPhone моделини тақдим этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди. Одатда компания баҳор мавсумида фақат битта арзонроқ модел чиқарар эди, аммо бу сафар анъанавий ёндашув ўзгариши кутилмоқда.
Янги режага кўра, 2027 йил март ёки апрель ойларида iPhone Air янгиланган версияси, арзон iPhone 18e ҳамда оддий iPhone 18 моделлари тақдим этилиши мумкин. Тақдимотнинг аниқ формати ҳозирча маълум эмас.
Бундан олдин, 2026 йил сентябрь ойида iPhone 18 Pro, iPhone 18 Pro Max ва эҳтимол iPhone Ultra моделлари чиқиши кутилмоқда. Кейинги босқичда эса iPhone 18e, iPhone 18 ва iPhone Air 2 намойиш этилади.
Маълумотларга кўра, iPhone 18e ва iPhone 18 A20 чипи билан жиҳозланади ва катта ўзгаришлар бўлмайди. iPhone Air 2 эса A20 чипи, қўшимча орқа камера, каттароқ батарея ҳамда яхшиланган совитиш тизими билан келиши мумкин.
Баъзи миш-мишларга кўра, iPhone Air йўналиши паст сотувлар сабаб тўхтатилиши мумкин эди, аммо Apple ҳозирданоқ iPhone Air 3 устида ҳам иш олиб бораётгани айтилади.
The Indian Express маълумотига кўра, бу янги стратегия Apple’нинг тақдимот жадвалини сезиларли даражада ўзгартириши мумкин.
