«ЎЛИК ЖОН»ГА АЙЛАНГАН ТАЛАБАЛАР ҚИСМАТИ

«ЎЛИК ЖОН»ГА АЙЛАНГАН ТАЛАБАЛАР ҚИСМАТИ

АҚШ университетларида катта «тозалов» бошланди. Трамп маъмурияти таълим визасини олиб, аудитория ўрнига қурилиш майдони ёки питсахонани макон тутган «ўлик жонлар» — чет эллик талабаларни изма-из таъқиб қилмоқда. Кимдир буни «ёвузлик» деб атаса, кимдир тартиб ўрнатиш дейди. Аммо муаммонинг илдизи кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ.

«Соққа» илинжидаги фейк таълим

Бизда ёзилмаган бир қонун бор: чет элга ўқишга кетдингми, албатта пул жўнатишинг керак. Мақсад илм олиб, етук мутахассис бўлиш эмас, балки тезроқ «соққа қилиб», уйга узатиш. Натижада, минглаб ватандошларимиз яшаш ҳуқуқини олиш учун бирор «фейк» курсга ёзилиб қўяди-ю, ўзи бетон қоришга тушиб кетади.

Жек Лондоннинг Мартин Иденини эсланг: у кирхонада ишлаб, тинкаси қуриганида китоб ўқишга на куч, на хоҳиш топа олган эди. Бизнинг «талабалар» ҳам шу аҳволда — икки кемани тутишга уриниб, охирида сувга ғарқ бўлмоқдалар.

Атлантадаги «кўринмас» журналист

Йиллар олдин Атлантадаги Жоржия университетида бўлганимда, журналистика факультети декани менга бир воқеани айтиб берганди. «Умид» гранти билан келган ўзбек талабасини уч кундан бери қидириб топиша олмас эмиш. Сабаби оддий — бўлажак «журналист» дарс ўрнига шаҳар кўчаларида питса ташиш билан банд бўлган.

Орадан йиллар ўтди, давлатнинг шунча пули ҳавога учди. У боладан журналист чиқмади. Чунки танлаш керак эди: ё илм, ё питса.

Корея сабоғи: 22 нафар «депортация» қурбони

Яқинда Жанубий Кореянинг Ҳаншин университети 22 нафар ўзбекистонлик талабани визаси бўлишига қарамай, мажбуран ватанга қайтарди. Университет раҳбарияти очиқ айтди: «Булар ўқишга келганми ёки ётоқхонадан қочиб, ишлаганими?»

Талабалар огоҳлантиришларга қулоқ солишмади, «соққа» ишлашда давом этишди. Охир-оқибат, 8 нафар талабанинг ишдан қайтаётганда ҳалокатга учраши Кореяни оёққа турғизди. Университет ўз нуфузини сақлаб қолиш учун улардан воз кечди. Ўқиш ҳам уларга, улар ҳам ўқишга «палонини қўйди».

Ватан сизни кутади!

Майли, бу талабалар «иккинчи» ва жоҳил бўлса ҳам, барибир ўз юртдошимиз. Эртага улар юртимизга қайтиб келишади. Турли соҳаларда иш бошлашади. Энг қўрқинчлиси — улар ўзлари билан бирга ўша «сохтакорлик» ва «билимсизлик» иллатларини ҳам олиб келишади. Соҳаларни ботқоққа ботиришда уларга тенг келадигани топилмайди.

Азиз юртимизнинг азиз фарзанди, билиб қўй: сени Ватан кутмоқда! Аммо сен Ватанга «соққа» эмас, билим билан кераксан!

Дўстларингизга ҳам юборинг: