Ҳаёт-мамот жанги бўлди!..
Бу ҳақиқий ҳаёт-мамот жанги бўлди, майдонда учта боши ёрилган футболчи — аммо «Метрополитано»даги ўйиндан бошқачароқ нарса кутиш мумкинмиди?
«Барселона» ўзининг мураккаб вазифаларини имкон қадар тезроқ ҳал қилиш иштиёқи билан ўйинни бошлади. Ҳали 33-сония ўтмасданоқ, Ямаль Муссо билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди, лекин дарвозабонни доғда қолдира олмади. Орадан уч дақиқа ўтиб эса у хатосини тузатди: Лангле тўпни рақибга совға қилиб юборди, Ламинни қулай нуқтага чиқаришди ва ҳисоб очилди. «Барселона» тўхтаб қолмасдан рақибни қисишда давом этди, яна бир бор дарвозабон билан яккама-якка вазият юзага келди ва ниҳоят, Торреснинг узоқ бурчак («тўққизлик»)ка йўллаган аниқ зарбасидан сўнг иккинчи гол урилди.
Ўша лаҳзада «Атлетико» тамом бўлгандек туюлганди. Бироқ мезбонлар ўзларида куч топиб, қайта «тирилдилар». Гризманннинг даҳоёна вертикал паси билан бошланган идеал қарши ҳужумни гол билан якунладилар. Вазият ўзгарди, аммо ўйин услуби эмас. «Барса» ҳолатни тўлиқ назорат қилар, вазиятлар яратишда давом этар, Муссо эса қутқаришдан чарчамасди — Флик шогирдлари танаффусдан кейин ишни охирига етказишига негадир шубҳа йўқ эди.
Бироқ иккинчи бўлим бошқача сценарий остида ўтди. Каталонияликлар ҳужум қилишди, имкониятларга эга бўлишди, ҳатто гол ҳам уришди (аммо у ерда яққол офсайд бор эди). Фақат энди тўп дарвоза соҳасига анча кам бора бошлади. 70-дақиқалардан бошлаб эса кучини кўпроқ сақлаб қолган «Атлетико» фаоллашиб, хавфли вазиятлар ярата бошлади.
Сёрлотга қарши ишлатилган «охирги чора фоли» учун Эрик Гарсия майдондан четлатилганидан кейин ҳам «Барса» таслим бўлмай олдинга интилди. Аммо «Атлетико» хотиржам ҳимояланди, саросимага тушмади, дарвозабон Муссо эса хатога йўл қўймай, охирги дақиқаларда яна бир неча бор жамоасини қутқарди. Шу тариқа, «матрасчилар» қўшиб берилган барча 8 дақиқа давомида ҳам бардош бера олдилар.
