Яна бир шоир ўзини осди!..
Ижодкор йигитлардан яна бири — Жаҳонгир Мирзо ўзини осди. Шоирларнинг ўз жонларига қасд қилиши, муаммолар гирдобидан чиқолмай қолгани сўнгги йилларда ўзбек китобхонларини ташвишга солмоқда. Улар ижодининг энг комил палласига келганда ўз ҳаётига нуқта қўймоқдалар.
Бундан олдин 33 ёшар шоир Мансур Жумаев 2024 йилнинг 5 ноябрида Тошкентда, Ёзувчилар уюшмаси томонидан берилган уйидаги ижодхонасида кийим илгичга осилган ҳолатда топилган эди. Ўзини ўзи ўлдирдими? Биров ўлдириб, осиб қўйдими? Ёки уни ўз жонига қасд қилиш даражасига олиб борган омиллар ва шахслар ким? Бу саволларга ҳозирча жавоб йўқ.
Билганим шуки, Мансур Жумаев аксар ўзбек шоирлари каби вақти-вақти билан депрессияга тушиб турар, кўп ҳолларда дўст-ёрлари уни бу ҳолатдан олиб чиқишарди. Яқинларининг айтишича, Мансурнинг молиявий ёки саломатлиги билан боғлиқ муаммолари бўлмаган.
Шоир ва ёзувчилар орасида ўз ҳаётига якун ясаганлар талайгина: Виржиния Вулф, Жек Лондон, Сара Кофман, Зигмунд Фрейд, Стефан Цвейг, Эрнест Хемингуэй, Владимир Маяковский, Марина Цветаева, Сергей Есенин, Юкио Мисима, Николай Гоголь, Александр Фадеев, Ричард Бротиган, Лиля Брик… Бу — ўзини ўлдирган ижодкорларнинг тўлиқ бўлмаган рўйхати.
Шу ўринда, ўлим хабарини ёзадиган ўзбек қаламкашлари нимадандир андиша қилиб, «ўз жонига қасд қилди» деган тафсилотни яширишади. Бизга тумтароқ гаплар эмас, ҳақиқат керак. Поль Элюар айтганидек, «Ҳақиқат Франциядан улуғдир». Шоир ўз жонига қасд қилган бўлса, бу унинг шеърлари ва китобларининг қимматини туширмайди. Ўқувчи муаллифни айбламайди, шунчаки «барча шоирлар умрида бир марта ишлата оладиган — ўз жонига қасд қилиш имконидан фойдаланибди», деб қўя қолади.
Бугун эрта тонгда шоира дўстим билан Гоголнинг «Портрет» асарини таҳлил қилдик. Ижодкор қалби ва омма истаги ўртасидаги зиддиятни муҳокама этдик. Бир соатлик суҳбат сўнгида шоира синглимга: «Ўзингни ўлдирма», дедим. Бу гапни барча ижодкорларга айтаман: ўзингизни ўлдирманг! Яшаш ўлимдан афзал.
Навоий ўлимни эмас, яшашни севган:
Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз;
Ҳар неники севмак ондин ортиқ бўлмас,
Ондин сени кўп севармен, эй умри азиз.
