Россияга борган ўзбекистонлик ишчилар сони бир йилда 179 минг нафарга камайди

Россияга борган ўзбекистонлик ишчилар сони бир йилда 179 минг нафарга камайди

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Россияга бориш суръати пасаймоқда. Марказий банкнинг «Меҳнат бозори шарҳи»га кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида ушбу давлатга ишлаш мақсадида йўл олган фуқаролар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,2 фоизга камайган.

Хусусан, январь–июнь ойларида Россияга ишлаш учун борган ўзбекистонликлар 1 миллион 179 минг нафарни ташкил этган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 1 миллион 358 минг нафарга тенг эди. 2025 йилда эса Россияда патент асосида фаолият юритган ўзбекистонликлар сони 1 миллион 495 минг нафар бўлган.

Айни пайтда меҳнат миграцияси йўналишлари кенгаймоқда. 2025 йилда Европа Иттифоқи давлатларидаги ўзбекистонлик мигрантлар сони 13,2 фоизга, Туркияда эса 10,7 фоизга кўпайган.

2026 йил 1 июль ҳолатига Туркияда 70 минг, Жанубий Кореяда 102,2 минг нафар ўзбекистонлик қайд этилган. Бу кўрсаткичлар йиллик ҳисобда мос равишда 9,3 ва 3,3 фоизга ўсган.

Россияга меҳнат миграцияси қисқарганига қарамай, ушбу мамлакатдан Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари биринчи ярим йилликда 8,8 фоизга ошган.

Марказий банк ташқи меҳнат миграциясидаги ўзгаришлар келгусида аҳоли даромадлари, пул ўтказмалари ва ички истеъмолга таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Шунингдек, 2026 йилнинг иккинчи чорагида мамлакатда эълон қилинган бўш иш ўринлари сони 9,8 фоизга қисқарган. Иш изловчилар фаоллиги юқори сақланиб қолаётгани эса меҳнат бозорида рақобат кучайишига олиб келмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: