Дадаси, уйда ҳеч нарса қолмади…

Дадаси, уйда ҳеч нарса қолмади…

Бу сўзларни айтиш аёл киши учун нақадар оғир. Хўжайинимнинг ишлари юришмай, ойига аранг икки миллион сўм топиб келаётган кунлар эди. Уй тўловларининг ўзи саккиз юз минг. Икки нафар мурғак болам бор: бири тўрт ёш, кичиги ҳали бешикда. Ошхона токчасидан нажот излаб гуруч идишини олдим. Бўм-бўш. Қарсиллаб тушган бўш идиш овози юрагимдаги умидсизлик акс-садосидек янгради.

Кўнглим ўксиб, ҳеч ким кўрмасин деб тўйиб-тўйиб йиғлаб олдим. Сўнг болаларимни етаклаб, қўшним — тикувчи дугонам Норгулникига чиқдим.

— Норгул, менга ҳунар ўргат. Рўзғордан қийналиб кетдик… Дугонам менга ачиниш ва бироз масхара аралаш боқди: — Озода, болаларинг кичкина бўлса, қандай ўрганасан? Қўй, юр, дўконга чиқиб сенга бир-икки нарса олиб бераман. Рад этдим. Кетмоқчи бўлганимда Норгулнинг заҳарли гапи ортимдан қувлади: — Шу омадсиз эрингни нима қиласан? Ажраш! Болаларни онангга бер-да, ўзинг учун яша. Мана мен, хор бўлганим йўқ-ку!

Тўхтадим. Юрагимда эримга бўлган меҳр исён кўтарди. — Сен нимани тушунардинг? — дедим овозим титраб. — Эрим омадсиз бўлса ҳам, дунёдаги энг яхши инсон. Меҳрибон. Уни фақат пули йўқлиги учун ташлаб кетсам, Аллоҳнинг олдида ўзим хор бўлмайманми?

Норгул индамай қолди. Кейин мени маҳкам қучоқлаб, бирга бозорлик қилиб берди.

Кечқурун эрим ишдан ҳориб қайтди. Қўлида бўш сетка. Кўзларида эса дунёнинг бор оғирлиги. — Аяси, ишлатган жойимиз барибир пулни бермади. Қочиб юрибди… Уятдан боши эгилган бу инсонга қараб, ичимдан бир нима узилди. Лекин билдирмадим. — Хижолат бўлманг, дадаси. Бизнинг кўчада ҳам қуёш чиқиб қолар…

Ўша кеча намозимдан сўнг жойнамоз устида узоқ қолдим. «Аллоҳим, Ризқ берувчи Сенсан! Йўқ жойдан етказувчи ҳам Сен! Эримни, болаларимни Сенга омонат топширдим…»

Тонг отди. Эшикнинг қаттиқ тақиллашидан уйғониб кетдим. Очсам — опам ва укам! Қўлларида тўла қоплар, озиқ-овқатлар… — Сингилжон, Бисмиллоҳ! Кеча Германиядаги поччанг қўнғироқ қилди. «Озода тушимга кирибди, кўнглим ғаш. Бориб рўзғорини бутлаб беринглар», деб пул юборди.

Опам қўлимга уч миллион сўм тутқазди. Тиззаларим қалтираб, йиғлаб юбордим. Ҳеч кимга айтмагандим, ҳеч кимдан сўрамагандим… Аммо дуоларим самога етиб борган эди. Укам ҳам ўз ёнидан пул узатди.

Онам қўнғироқ қилдилар: «Болажоним, яхшимисан?» — Онажон, — дедим кўз ёшимни тия олмай, — яхшиям бизни кўп туққан экансиз… Яхшиям жигарларим бор!

Шу кундан бошлаб ҳаётимиз ўзгарди. Эримнинг ишлари юришиб кетди. Мен эса барибир ўша тикувчиликни ўргандим, ҳозир Норгул билан бирга ишлаяпман.

Энди биламан: Ризқ — бу фақат пул эмас. Ризқ — бу қийин кунда ташлаб кетмайдиган Сабр, оғир дамда елка тутадиган Жигарлар ва дуоларни эшитадиган Зотнинг борлигидир. Бир қийинчилик ортидан албатта икки ҳисса енгиллик келар экан.

Дўстларингизга ҳам юборинг: