Ҳали сен ўз онангдан уяласанми?!
Кўча-кўйда юрганда баъзан шундай манзараларга дуч келасан киши, кулгинг келишини ҳам, куйишингни ҳам билмайсан. Яқинда уй ёнида бир йигит учраб қолди. Кўринишидан ўзимизнинг полвон келбат йигитлардан. Лекин оғиз жуфтлаши билан «маданият»и кўпириб чиқди:
— Брао-от, шу 10-уйма? — дейди талаффузни «тошкентча» қилмоқчи бўлиб, сўзни сақичдек чўзиб. Лекин «уйма?» деган жойида жайдарлиги, қишлоғининг иси гуп этиб димоққа урилади.
Ўзи аслида жайдариларни яхши кўраман — ичида кири бўлмайди. Ичимда жилмайиб, жиддий жавоб бердим: — Ҳа, шу уй.
Бир оз ўтиб, «маданият» яна ҳужумга ўтди: — Брао-от, падизнинг (подъезд демоқчи) кўдини биласми?
Шу ерда «тормоз» босилди. Чидаб бўлмади. — Менга қара, ука, сен ўрисмисан? — дедим кўзига тикилиб. — Ўзингнинг шевангда, ўз тилингда гапиравер. «Браот»нинг ўзбекчаси қуриб қолганми? «Ака» де!
Йигит бир муддат каловланиб қолди. Менга қараб туриб, гапнинг «додасини» туғди: — Ака, мен сизни ўрис деб ўйлабман…
Тилдаги «маскарад»
Барака топгур, агар мени «ўрис» деб ўйлаган бўлсанг, нега русчалаб «брат» демайсан? Нега «брао-от» деб тилингни чайнайсан?
Бугунги куннинг энг катта фожиаси мана шунда — ўзлигидан уялиш. Биз «ака» десак қишлоқи бўлиб қолишдан, «опа» десак маданиятсиз кўринишдан қўрқадиган бўлиб қолдик. Тилимизни бураб, сўзларни чайнаб гапирсак, гўёки замонавийроқ кўринамиз деб ўйлаймиз. Ваҳоланки, четдан қараганда бу худди филнинг устига эгар урилгандек кўринади — на ярашади, на миниб бўлади.
«Ака»нинг вазни ва «Браот»нинг пучлиги
«Ака» сўзида меҳр бор, ҳурмат бор, қон-қариндошлик иси бор. «Браот»да эса фақат сунъийлик ва сохта «крутойлик» бор. Сизни «ўрис» деб ўйлаган одам ҳам ўзбекча шевада «брао-от» деб мурожаат қилаётган бўлса, демак у на рус тилини билади, на ўз тилини қадрлайди.
Хулоса ўрнида: Тил — бу шунчаки мулоқот воситаси эмас, бу миллатнинг юзи. Юзингизни «браот» каби сохта маскалар билан бўяманг. Ўз тилингизда, ўз шевангизда, ота-бобонгиз айтгандек «Ака» деб гапиринг. Ишонинг, бу сизни пастга туширмайди, аксинча, кимлигингизни кўрсатиб туради.
Зеро, ўз тилидан уялган инсон, ўз онасидан уялган билан баробардир!
