«Кўчиртирдими? Пулини тўласин ва баттар бўлсин!»

«Кўчиртирдими? Пулини тўласин ва баттар бўлсин!»

Кечаги 13 ёшли ўқувчи-қизнинг синфдошларига уй вазифасини пулга кўчиртиргани ҳақидаги постим ҳақиқий «портлаш» ясади. 20 000 та кўриш, юзлаб қарама-қарши фикрлар… Ҳаммага раҳмат.

Аввалига мен ҳам иккиландим: «Бу яхши эмас, маънавиятга тўғри келмайди», дедим. Лекин келинг, ниқобларни ечиб, реалликка тик қараймиз. ### 💰 Пул борми — илм шарт эмас(ми?) Агар ўқувчи ўқишни истамаса, калласи «ноль» бўлса, меҳнат қилишдан қочса — марҳамат, пулини тўласин, кўчирсин ва баттар бўлсин! Бугунги жамиятнинг талаби шу эмасми?

📺 Телевизорни ёқинг: «Имтиҳонсиз талаба бўл!»

Ҳар куни экранларда жар солинаётган хусусий ОТМларнинг рекламасидан бу қизчанинг қилган ишини нима фарқи бор?

  • «Орзуйингга осон ет!»

  • «Имтиҳонсиз қабул!»

  • «Талаба бўлиш энди муаммо эмас!»

Бу чақириқлар замирида нима ётибди? «Билиминг бўлмаса ҳам пулингни бер, биз сени талаба қиламиз» деган принцип эмасми? Улар катта саҳнада абитуриентнинг пулини олиб «ўқитмоқда», бу қизча эса парта остида пулини олиб «кўчиртирмоқда».

🎭 Қадриятлар эврилиши

Қандини урсин! Истайсизми-йўқми, дунё ўзгарди, қадриятлар алмашди. Илм ўрганиш меҳнат эмас, сотиб олинадиган товар даражасига тушиб қолган бўлса, 13 ёшли қизалоқ шунчаки замон талабига мослашган, холос.

Биз «бизнес» деб кўкларга кўтараётган тизимнинг кичик модели мана шу мактаб партасида намоён бўлмоқда. Бунга айбдор қидиришдан олдин, атрофга бир қаранг…

Муаллиф: Эркинжон Ярашев

Дўстларингизга ҳам юборинг: