Эски дунёнинг ўлими!
Глобал ўсишнинг барча жиҳатлари жиддий ўзгаришларга юз тутди, деб баёнот берди президент Владимир Путин.
«Сўнгги йиллардаги воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, глобал ўсишнинг барча элементлари — иқтисодиёт ва молиядан тортиб, технология ва демографиягача — қайтмас даражада ўзгармоқда», — деди у «Очиқ мулоқот» форуми иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида.
Путин халқаро муносабатлардаги аввалги ёндашувлар ва қоидалар, жумладан, Ғарб давлатларининг хатти-ҳаракатлари туфайли ўз кучини йўқотаётганини таъкидлади. Улар етакчилик мавқеини бой бериб, ўрнини янги ўсиш марказларига — Глобал Жануб мамлакатларига бўшатиб бермоқда.
Президентнинг таъкидлашича, ҳозирда жаҳон тараққиётининг кўп қутбли архитектураси шаклланмоқда. Унда асосий соҳаларда ўз суверенитетини ҳимоя қилаётган давлатлар муҳим роль ўйнайди. Шу билан бирга, ҳеч бир мамлакат якка ҳолда — бошқалар ҳисобига ёки уларга зарар етказган ҳолда ривожлана олмайди.
«Глобал ривожланиш модели фақат тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган, барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олган тақдирдагина барқарор ва адолатли бўлади», — дея қўшимча қилди Путин.
27 апрелдан 29 апрелгача «Россия» Миллий марказида «Дунё келажаги. Глобал ўсишнинг янги платформаси» мавзусида Очиқ мулоқот бўлиб ўтмоқда. Ушбу форумдан кўзланган мақсад — экспертларнинг ўзаро ҳамкорлиги орқали жаҳон тараққиётининг келажаги борасидаги қарашларни шакллантиришдир. Бу йил унда 120 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этмоқда.
