Сунъий интеллект дўхтирларнинг ажали!..
Сунъий интеллект дўхтирлар, сунъий интеллект ташхислар, сунъий интеллектли клиникалар, сунъий интеллект ҳамширалар… Сунъий интеллект яратган дорилар… Ҳаммаси арзон, ҳаммаси сифатли бўлармиди? Агар шунақа бўлса, ана шу давр эртароқ келсин. Бўлмаса, ҳозирги дўхтирлар битта таҳлил олишнинг ўзида одамларнинг белини чиқариб юборяпти.
«Кипригим қайрилди» деб борсангиз, тамом, юз фоиз таҳлил топширасиз. Иложи бўлса, сочингиз толаси-ю, тирноғингиз остидаги кирни ҳам бир марта рентген нурларидан ўтказишади. Ҳар битта таҳлилнинг нархи икки юз эллик мингдан бошланиб, у ёғи юқорилаб кетди. Ана ундан олдин кўрикдан ўтказган дўхтир кейин яна бир марта ўтказади…
Бу ҳали даволанишгача бўлган жараён. У ёғидаги дорилар нархи «девнинг калласидек» жуда қиммат. Худо кўрсатмасин, касалхонада ётиб даволансангиз, битта игна санчиб қўйган ҳамширага ҳам фалон пул тўлайсиз. Палатангизнинг ҳожатхонаси бўлса — алоҳида нарх, палатанинг ўзи — алоҳида нарх… Хуллас, терингизгача шилиб олишади.
Агар сунъий интеллект деган жонсиз ақл ишга тушиб қолса, шуларнинг бари арзонлашиб кетармиди?! Ёки уни ҳам дўхтирлар ўз йўлларига солиб олишадими?!
