ЖИН ИЗМИДАГИ ЙИГИТ…

ЖИН ИЗМИДАГИ ЙИГИТ…

Бу воқеа ўтган йили содир бўлганди. Очиғини айтсам, эсласак ҳалигача юрагимизга ваҳима солади. Айни қовун пишиғи вақти эди. Жуда катта жойга қовун экканлигимиз боис, бир укам полизнинг бир бошида ётса, иккинчиси қарама-қарши томонида ётиб қоровуллик қиларди. Албатта, улар ўзларига қулай қилиб чайла ҳам қуриб олишганди. Кечки овқатни бири келиб уйдан олиб кетар, сўнг ўша ерда бирга тамадди қилиб олишгач, ўз чайлаларига жойлашишарди. Шукрки, қовунларимиз ҳавас қилгулик эди.
— Сергак ётинглар. Шунча меҳнат зое бўлмасин. Мол-ҳол ораласа борми, ҳаммасини пайҳон қилади,— тайинарди отам.
Онам эса ҳамма оналар каби болаларининг ўзидан хавотирда бўларди:
— Бир-бирингдан хабардор бўл. Эҳтиёт бўлинглар. Қўрқсаларинг, бир жойда ётинглар…
Албатта, онамнинг гапидан улар кулишарди:
— Бир-биримизга қоровуллик қилсак-чи, ойи?
— Куласан-а, куласан! Эҳтиёт бўлган яхши-да, — ўзини оқларди ойим.
Ана шундай кунларнинг бирида. Кичик укам ваҳима билан югуриб келди уйга:
— Акам… акам бошқача бўлиб қолди. Уйга олиб келмасак бўлмайди…
— Нима бўлди? — жон ҳолатда бақирди онам. — Ҳушдан кетдими?
— Йўқ!
— Йиқилиб тушдими?
— Йў-ў-ўқ, юринг ота…
Отам ва укам шу тариқа югуриб кетишди. Уларга онам эргашди:
— Сен уйда ўтир, менам бормасам ўлиб қоламан…
Шу билан мен уйда қолдим.
Ана келар, мана келар дея бир соатни ўтказдим. Йўқ, улар келай дейишмасди. Яна бир соат ўтди, дарак йўқ.
Кичкина укамга қўнғироқ қилдим.
— Акамни излаб юрибмиз, топа олмаяпмиз… — укамнинг овози титраб келди.
— Нима қилганди, ўзи?
— Ёввойига ўхшаб қолганди…
Ҳеч нарсага тушунмадим. Орадан ярим соатлар ўтгач, отам ва укам қўлтиғидан тутиб катта укамни етаклаб келишди. Онам эса юм-юм йиғлаб уларнинг ортида келарди. Катта укамнинг кўзлари қизарган, бақирар, отам билан кичик укамга куч бермасди.
— Бойламасак бўлмайди, — деди отам юрагимни баттар ваҳимага солиб.
Сўнг кўзлари бемаъно боқаётган, ора-сира бақириб тишлашга уринаётган укамни уйга олиб кириб, қўл-оёғини боғлаб, ўтқизиб қўйишди. Ҳаракати чекланган укам эса бир зумда ўзига келгандек, ялина бошлади:
— Мен қўйворинглар, сизларга тегмайман…
Мен ҳеч нарсага тушунмадим. Кичик укамнинг айтишича, эрталаб акасининг қорасини кўрмагач, чайласига борган. Борса, катта укам бехуш ётганмиш. Кейин юзига юриб, сув сепиб ўзига келтирса, унга ташланибди. Ўзини ёввойидек тутибди. Албатта, кичкина укам қўрқиб кетиб дарров уйга келган.
— Мен дўхтир олиб келай, — деди отам.
Унгача минг тахминга бордик. Кимдир “Қутурган”, деса, бошқа биров “Ақлдан озган”, деди. Хуллас, отам ва укаларимга эргашиб еклган қишлоқ аҳли ўзича фол оча бошлади. Келган шифокор унинг қутурмаганини, шунчаки руҳий ўзгариш бўлгани айтди.
Хуллас, бир ҳафта ичида отам уни олиб бормаган жойи қолмади. У ҳамон то худ, то бехуд бўлиб бизни ваҳимага соларди. Охири одамларнинг гапи билан илмли мулла қидиришга тушди. Бошқа тумандан келган мулла эса укамни кўриши билан хулосасини айтди:
— Унга жин теккан. Жинларнинг таъсирида у… Битта исботи, ҳозир “Нос” сурасини ўқийман, сиз кузатиб ўтиринг. Хабарингиз бўла, бу сура айнан жинларнинг даҳл қилишидан асровчи дуо.
У шундай дея дуо ўқиди. Ишонасизми, укам қутиргандан қутириб, муллани калтаклашгача борди. Зўрға ажратиб олдик. Кейин уни акам ва кичик укам ушлаб ўтирди. Шу тариқа, мулла укамни қирқ кун тинимсиз ўқиди. Ҳар ўқиганида бемор укам жазавага тушарди. Охирги кун шу даражада авж олдики, охири хушидан кетди. Кўзларини очганида эса, мулойим ва беозор эди. Ҳозир ундан сўрасак, ўша воқеалар ҳақида ҳеч нарсани билмайди. Шунда, бу дунёнинг жумбоқларидан баттар ёқа ушлаймиз…
Мастура Ёрбоева
Дўстларингизга ҳам юборинг: