Ўзбекистон ва Хитой космик ҳамкорликни кенгайтиради
Uzcosmos агентлиги раҳбарияти Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси билан учрашув ўтказди, деб uzdaily.uz хабар берди.
Учрашув давомида томонлар космик соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш ва ушбу технологияларни иқтисодиётга жорий этиш масалаларини муҳокама қилди. Асосий эътибор амалий ечимлар ва инновацион ёндашувларга қаратилди.
Музокараларда турли тармоқларда космик технологиялардан фойдаланиш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар Хитойнинг космик соҳадаги илғор тажрибаси Ўзбекистон учун технологик тараққиётни тезлаштиришда янги имкониятлар яратишини таъкидлади.
Шунингдек, космик технологиялар қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни аниқ прогноз қилиш, сув ресурсларини самарали бошқариш, экологик мониторингни кучайтириш ва шаҳарсозлик режалаштиришни такомиллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Бундан ташқари, учрашувда президент ташаббуси билан амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, биринчи илмий сунъий йўлдошни учириш ва миллий космонавтни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ушбу йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича фикр алмашди.
