Эҳ, Роналду, Роналду…
«Instagram» ижтимоий тармоғи ботлар ва нофаол аккаунтларни оммавий тарзда ўчириш ишларини амалга оширди, деб хабар бермоқда Sports.kz.
Текширув натижасида кўплаб жаҳон юлдузлари миллионлаб обуначиларидан айрилди. Энг катта йўқотишлардан бири португалиялик футболчи Криштиану Роналдуга тегишли бўлди.
Манбаларга кўра, шубҳали аккаунтлар ўчирилганидан сўнг Роналду тахминан саккиз миллион обуначисини йўқотган. Шунга қарамасдан, ҳужумчи ҳали ҳам «Instagram»даги энг машҳур инсон бўлиб қолмоқда — айни пайтда унинг саҳифасига 666 миллион фойдаланувчи обуна бўлган.
Ижтимоий тармоқ юлдузлари орасида энг катта йўқотиш Кайли Женнер ҳиссасига тўғри келди — у 15 миллион обуначидан айрилди. Селена Гомес ва Ариана Гранде олти миллиондан, Жастин Бибер беш миллиондан, Тейлор Свифт эса тўрт миллион обуначисини йўқотди.
Ҳозирда Криштиану Роналду Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» клубида тўп тепмоқда ва Португалия терма жамоаси билан 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. Афсонавий ҳужумчи учун бўлажак мундиал фаолиятидаги олтинчи Жаҳон чемпионати бўлиши мумкин.
2025/26 йилги мавсумда 41 ёшли ҳужумчи юқори натижадорликни сақлаб қолмоқда. У Саудия Арабистони чемпионатида 27 учрашувда 25 та гол урди. Умуман олганда, Роналду фаолияти давомида расмий ўйинлардаги 1000 голлик тарихий маррага яқинлашиб қолган — ҳозир унинг ҳисобида 970 та гол бор.
