Индонезияда ўзбекистонлик ҳакам иштирокидаги ўйинда тартибсизлик юз берди: Расмий маълумот
Индонезия чемпионати доирасида бўлиб ўтган «Персипура» ҳамда «Adhyaksa FC» жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг юзага келган вазият бўйича қўшимча тафсилотлар маълум қилинди.
Ўйин якунлангач, мезбон жамоанинг айрим мухлислари натижадан норози ҳолда майдонга турли буюмлар улоқтиришган. Тарқалган хабарларга кўра, ушбу ҳолатда мазкур баҳсни бошқариб борган ўзбекистонлик ҳакам Аскер Нажафалиев ва ҳакамлар бригадасига ҳеч қандай жисмоний зарар етмаган. Тартибни сақлаш ходимлари ҳакамлар хавфсизлигини таъминлаб, уларни стадион ҳудудидан хавфсиз тарзда олиб чиқишган.
Таъкидланишича, Индонезия футбол федерацияси томонидан Аскер Нажафалиевнинг фаолияти ёки ўйин давомидаги қарорлари юзасидан ҳозирча ҳеч қандай расмий эътироз ёки шикоят келиб тушмаган.
Ҳамюртимиз Индонезиядаги фаолиятини давом эттирмоқда. Маълум қилинишича, Нажафалиев эртага бўлиб ўтадиган «Персита» — «Персижап» учрашувини бошқариш учун навбатдаги тайинловни олган ва айни пайтда бўлажак ўйинга тайёргарлик кўрмоқда.
