Кўпчилик кафан гадо бўлишди!..

Кўпчилик кафан гадо бўлишди!..

ҚИМОР ЎЛДИРАДИ
• UFC 328: 1.76 млн долларни шамолга совурганлар ва бир жонга зомин бўлган жанг!
• Кеча UFC 328 дан кейин ижтимоий тармоқлар портлади.
• Чемпионлик камари билан эмас!
• Нокаут билан ҳам эмас!
• Саробга айланган пуллар ва ҳазон бўлган умр ҳақидаги гап билан!
• Букмекерларнинг очиқ маълумотларига қарасангиз, даҳшатдан ёқа ушлайсиз:
• Жанг олди тикилган жами маблағнинг 95 фоизи Хамзат Чимаев учун тикилган!
• Шон Стриклендга эса атиги беш фоиз инсонлар ишонишган.
• Polymarket ва йирик конторалар Ҳамзатнинг шансини 79%–85% деб баҳолаган.
• Натижа нима бўлди?!
• Стрикленд барчасини чиппакка чиқарди.
• Тармоқдаги муҳокамаларга кўра, бир киши $1.4 млн, бошқаси эса $1.76 млн ни Ҳамзатга тикиб, бир кечада ҳаммасидан айрилган.
• 1.76 млн доллар.
• Бу Тошкентда 30-40 та хонадон дегани.
• Бир авлодга етадиган ҳалол бизнесни бошлаш учун жиддий сармоя дегани.
• Лекин у шамолга кетди.
• Аммо энг қўрқинчлиси пул ҳам эмас…
• Кеча эшитганимиз энг оғир хабар шу бўлди:
• Бир вилоятда яшовчи ёш йигит “аниқ ютаман” деб мол-қўйини сотибди.
• Камлик қилиб, хотинининг тўйда таққан тиллаларини ҳам ломбардга қўйибди.
• Кейин “шу пулни икки карра қилиб қайтараман” деб банкдан кредит олибди.
• Ҳаммасини Ҳамзатга тикибди.
• Жанг тугаган.
• Телефондаги иловада қизил рангда “ютқаздинг” деган ёзув ёнибди.
• Эртасига эрталаб қўшнилар уни молхонанинг тўсинида осиғлиқ ҳолда топишибди.
• Стол устида эса тўланмаган кредит қоғози, хотинининг бўш тақинчоқ қутиси ва учта етим қолган боланинг расми…
• Айтингчи, қайси миқдор бир инсоннинг жонига тенг?
• Қайси “экспресс” учта боланинг етимлигини қоплайди?
• Қайси букмекер энди у хотинга эрини қайтариб беради?
• Қимор иқтисодий жиноят!
• Энг катта алдов: “Мен ўзимни назорат қила оламан”, деган хомхаёл!
• Исломда қимор бежизга ҳаром қилинмаган.
• Қуръонда айтилади: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва фол ўқлари ифлосдир, шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четланингиз, шоядки нажот топсангиз”
• Моида сураси.
• Шайтоннинг иши қандай жирканч эканини кўрдингизми?
• Аввал “озгина ташлаб кўр” дейди.
• Кейин “молни сот” дейди.
• Кейин “хотиннинг тилласини ол” дейди.
• Охирида арқонни бўйнингга илдиради.
• Қимор меҳнатсиз бойлик ваъда қилади.
• Ҳаром йўлдан келган пул кетарда ўзи билан бирга жонни ҳам суғуриб олиб кетади.
• Қимор қарамликдир!
• “Шу сафар қайтараман” деган ўй билан одам уйини, номусини, охири иймонини ҳам тикворганини ўзи билмай қолади.
• Қимор оилаларни бузади.
• Ҳалиги марҳумнинг хотини энди бева, болалари етим, ота-онаси дод демоқда.
• Бу мусибатнинг ўрнини қайси ютуқ қоплай олади?
• Қимор умидни ўлдиради.
• Банк қарзи, одамларнинг гап-сўзи, ўзига бўлган нафрат – кишини ўзини ўлдиришга етаклайди.
• Ҳолбуки, Аллоҳ раҳматидан умид узиш куфр эди.
• Стрикленд «ғалабаси» бизга нимани ўргатди?
• Ҳаётда юз фоизли кафолат йўқ!
• Сен 85% лик “темир ставка” га бутун ҳаётингни тикиб юборсанг, демак таваккални гўёки илмий таҳлилга, тақдирингни букмекерга топшириб қўйибсан.
• Ҳамзат ютиши мумкин эди.
• Лекин айнан шу кечада «ютқазди!»
• Балки атайдан ютқазгандир, балки ростдан…
• Шу “ютқазиш” бир одамнинг дунёсини, балки эҳтимол охиратини ҳам чиппакка чиқарди.
• Бугун у одамнинг учта боласи дадасиз қолди.
• Хотини “эримни қимор еб қўйди” деб йиғламоқда.
• Банк эса кредитни кечирмайди.
• Молхона бўш.
• Тиллалар ломбардда.
• Ҳовлида эса жаноза…
• Айтинг, шу манзара $1.76 млн ютқазгандан оғир эмасми?
• Дўстим, биродарим!
• Бир дақиқа телефонни қўйиб ўйланг:
• Сиз одатда ютиш учун ўйнамайсиз, балки шу сафар ютқазганингизни қайтариш учун ўйнайсиз.
• Бу эса тузоқ.
• Бу шундай ботқоқки, қанча типирчиласангиз, шунча ботасиз.
• “Мен тўхтата оламан” деган гап ёлғон.
• Ҳалиги марҳум ҳам балки “шу охиргиси” деб молини сотгандир!
• “Шу охири” деган ҳар қандай инсон қаерда тугашини билмайди.
• Қимор ўйнаган эркак эмас.
• Аксинча, хотинининг тилласига кўз олайтирадиган, боласининг ризқини октагонга тикадиган номард у.
• Ҳақиқий эркак оиласини хавфдан ҳимоя қилади, уни хавфга қўймайди.
• Хулоса:
• Ҳаётда таваккул қилмоқчи бўлсанг ҳалол ризқ учун таваккал қил!
• Бизнес оч, таксичилик қил, деҳқончилик қил!
• Сен бу ишларда ҳаракат қиласан, тер тўкасан, дуо қиласан, натижани Аллоҳдан кутасан.
• Ютсанг – пешонанг териси, онанг сутидек ҳалол!
• Ютқазсанг – тажрибанг ортади, сабоқ оласан!
• Қиморда эса сен фақат кузатувчисан.
• Икки нотаниш одамнинг жангига қараб, тақдирингни тикасан.
• Бу таваккул эмас.
• Бу ўзингни, оилангни, иймонингни оёқости қилиш.
• Биродарим, агар бу ботқоққа кириб қолиб, қарзинг кўпайиб кетган, бошинг қотган, “бошқа йўл йўқ” деб ўйлаётган бўлсанг ўзингни ўлдиришинг ечим эмас.
• Ўлим муаммоларни тугатмайди, балки абадий азобни бошлайди.
• Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёмат куни жаҳаннамда ўша нарса билан азобланади”
• Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.
• Сен ўзинг учун кераксан, болаларинг учун дада керак, хотинингга эр керак, ота-онангга эса фарзанд керак.
• Пул кетади, келади.
• Қарз узилади.
• Шармандалик унутилар.
• Лекин кетган жон қайтиб келмайди.
• Нима қилиш керак?
• Ҳозироқ телефондан барча букмекер иловаларини ўчир.
• Бир секунд ҳам иккиланма!
• Яқинларингга, Аллоҳдан қўрқадиган дўстинга бор!
• “Ботқоққа ботдим, мени тортиб ол” де!
• Ҳозир уялишнинг вақти эмас.
• Тавба қил ва меҳнатга кириш.
• Аллоҳнинг хазинаси кенг.
• Ҳалол меҳнат билан бир кунда эмас, бир йилда бўлса ҳам ўрнингдан турасан.
• Тавба қилган одамни Аллоҳ қўллайди.
• Қимор – шайтоннинг тўри.
• Тўрга тушган балиқ сувни айблайдими?
• Йўқ!
• Энди тўр борлигини билганингдан кейин тўрдан узоқроқда суз!
• Ҳалол меҳнат қил!
• Ҳалол таваккулдан юр!
• Чунки 5% лик тузоқ сен кабиларга қўйилади, унга тушиб яна молхонада арқон излаб юрма!
• Шу мақолани қимор ўйнайдиган учта танишингизга юборинг!
• Балки биттасининг ҳаётини сақлаб қолармиз.
Аброр Мухтор Алий
Дўстларингизга ҳам юборинг: