Туркия жорий йилнинг илк чорагида туризмдан қарийб 10 миллиард доллар даромад олди
Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой Истанбулда ўтказилган матбуот анжуманида 2026 йилнинг дастлабки уч ойига оид туризм кўрсаткичларини эълон қилди. Унга кўра, мамлакатга ташриф буюрган халқаро сайёҳлар сони 4,2 фоизга ошиб, 9,2 миллион нафарга етган. Шунингдек, туризм даромади ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,2 фоизга кўпайиб, йилнинг биринчи чорагида 9,896 миллиард долларни ташкил этган.
“Биз бугунги кунда глобал миқёсда ниҳоятда мураккаб ва нозик даврни бошдан кечирмоқдамиз. Минтақавий тангликлар, геосиёсий жараёнлар, турли можароларнинг салбий оқибатлари ҳамда бунинг натижасида халқаро саёҳат оқимларида юзага келаётган ўзгаришлар туризм соҳасига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Минтақамизда инқирозлар доимо юз бериши мумкин ва бўлади ҳам. Бироқ энг муҳим масала бу каби вазиятларни қандай бошқаришдадир. Ўтган йили ҳам шунга ўхшаш глобал жараёнлар ва минтақавий ноаниқликларга тўқнаш келдик. Шунга қарамай, 2025 йилни 64 миллион сайёҳ ва 65,2 миллиард доллар миқдоридаги туризм даромади билан якунладик. Бу натижалар Туркиянинг нафақат кучли туристик манзил, балки инқирозларни самарали бошқариш борасида ҳам юқори салоҳиятга эгалигини яққол кўрсатади. Жорий йилда ҳам ана шу тажриба ва қатъият билан иш олиб бормоқдамиз. Йилнинг дастлабки уч ойида халқаро сайёҳлар сони 4,2 фоизга ошиб, 9,2 миллион нафарга етди, туризм даромади эса 4,2 фоизга кўпайиб, 9,9 миллиард долларни ташкил этди. Шу билан бирга, резервация тенденциялари, бекор қилиш ҳолатлари, саёҳат режаларидаги ўзгаришлар ҳамда истеъмолчилар хатти-ҳаракатларини доимий кузатиб борамиз. Бу эса бизга вазиятни таҳлил қилиш билан бирга, бозорга мос тезкор ва самарали чораларни ишлаб чиқиш имконини бермоқда”, — деди вазир.
Шунингдек, Меҳмет Нури Эрсой Туркия, айниқса Истанбул йирик халқаро спорт ва маданий тадбирларга тайёргарлик кўраётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бундай тадбирлар мамлакатнинг ишончли ва жозибадор глобал туризм йўналиши сифатидаги обрўсини мустаҳкамламоқда.
Маълум қилинишича, Истанбул 2027 йилдан бошлаб Turkish Grand Prix орқали Формула 1 тақвимига қайтади. UEFA Европа Лигаси финали 20-май куни Истанбулда ўтказилади. Истанбул стадионлари ва концерт залларида халқаро юлдузларнинг чиқишларини томоша қилиш учун Европа, Россия, Яқин Шарқ ва Осиё мамлакатларидан ўн минглаб меҳмонлар ташриф буюрмоқда. Бу тадбирлар мамлакатнинг нафақат спорт ва маданият, балки глобал туризм салоҳиятини намоён этувчи муҳим омил сифатида ҳам хизмат қилади.
Йилнинг дастлабки уч ойида Туркияда зиёратчиларнинг ўртача кунлик харажати 2,8 фоизга ошиб, 102 долларга етди. Мазкур кўрсаткич 2017 йилда 68 долларни, 2025 йилда эса 99 долларни ташкил этган эди.

2026 йилнинг биринчи чорагида Туркиянинг энг йирик туристик бозорлари қаторида 678 минг сайёҳ билан Германия, 651 минг билан Россия ҳамда 539 минг нафар билан Болгария етакчилик қилди.
