Ҳамма уни бечора сифатида кўрмоқда!..
Трампнинг қўллаб-қувватланиш рейтинги 35 фоизга тушди
Шу билан бирга, сўровномада қатнашган ҳар тўртинчи респондент Трампнинг Эрон кампаниясини маъқулламоқда.
Америкаликларнинг учдан бир қисмидан сал кўпроғи АҚШ Президенти Дональд Трампнинг сиёсатига ишонади ва уни маъқуллайди. Бу ҳақда 19 май куни «Reuters» агентлиги «Ipsos» компанияси ўтказган сўровномага таяниб хабар берди.
Тадқиқот натижаларига кўра, америкаликларнинг 35 фоизи Трампни президентлик лавозимида қўллаб-қувватламоқда.
Шу билан бирга, республикачилар (Трампнинг ўз партиядошлари) орасида ундан норозилик рейтинги 21 фоизни ташкил этди. Ваҳоланки, у 2025 йил январь ойида лавозимга киришаётган пайтда бу кўрсаткич 5 фоиздан ошмаган эди. Президент билан бир партияда бўлганларнинг тахминан 79 фоизи у ўз вазифасини яхши уддалаяпти, деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, сўровда қатнашган ҳар тўртинчи одам Трампнинг Эронга нисбатан олиб бораётган кампаниясини маъқуллашини билдирган.
Сўровнома 15-18 май кунлари онлайн тарзда 1271 нафар вояга етган америкаликлар ўртасида ўтказилди. Статистик хатолик даражаси 3 фоизни ташкил этади.
